Спортни сев, спорт билан яша. Аралаш жанг санъати (ММА) Янги босқичга кўтарилади
2025-10-21 23:00:00 / Янгиликлар

Баъзилар ММАни ноқонуний ташкиллаштириладиган, ҳеч қандай қонун-қоидаларга асосланмаган, ҳатто охири ўлимгача давом этадиган кўча, қафас жанглари ёки бошқа тақиқланган йўналишлар билан адаштиришади. Бу мутлақо нотўғри. Аслида ММА (инглизча Михед Мартиал Артс) алоҳида спорт тури бўлиб, «аралаш жанг санъатлари», «аралаш яккакураш» деб талқин қилиниб, турли жанг санъати техникаларини ўз ичига умумлаштиради. ММА атамаси илк бор аралаш спорт турлари ҳаками, собиқ полиция ходими Жон Маккарти томонидан қўлланилган.
Аралаш жанг санъати узоқ тарихга эга ва у қадимги Хитойга бориб тақалади. Замонавий ММА тарихи эса XIX аср охирларидан бошланади. Бу даврда ММА аниқ бир қоидаларга эга бўлмаган. Осиё давлатлари ва Америкада турли форматдаги аралаш жанг санъати доирасида мусобақалар ташкил қилиниб борилган. Йиллар ўтиши билан ушбу спорт тури ривожланиб боравериши натижасида ўзининг аниқ қоидалари ҳам шаклланди. Яъни, ММАда жанг қоидалари қўл, оёқ зарбалари, кураш ва оғритиш усулларини ўз ичига олади. Жанглар 3-5 раундлар орасида 1 дақиқа танаффус билан ҳар бир раунд 5 дақиқа давом этади.
Жангда ғалабага одатда белгиланган вақт ўтгандан кейин ҳакамларнинг қарори, ҳакамнинг тўхтатиши (масалан, агар рақиб ўзини ҳимоя қила олмаса) ёки шифокор хулосаси (жароҳат туфайли) билан эришилади. Бошқа вазиятларда эса рақибни бўйсундириш, нокаут, техник нокаут ёки жангчилар мураббийларининг жангни тўхтатиш бўйича сўрови билан жанг ғолиби аниқланади.
Ўзбекистонда ММА ассоциацияси 2019 йил ташкил топган бўлиб, унга қадар профессионал спортчиларимиз асосан хорижда ўз жангларини ўтказишган. Ушбу спорт тури бўйича мамлакатимиздан чиққан илк қалдирғочлар Суннат Илясов, Гулбаҳор Амантаева, Аюбхон Камоловлар бўлишган. Гулбаҳор Амантаева — истеъфодаги подполковник. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи ҳамда профессионаллар ўртасида ММА бўйича Халқаро тоифадаги спорт устаси ҳисобланади. У ММА, Кикбоксинг ва Панкратион каби йўналишларда кўплаб халқаро мусобақалар ғолибасидир.
Суннат Илясов эса биринчи жаҳон чемпиони ҳисобланади. Расман ассоциация ташкил этилгандан буён Ўзбекистонда ҳам ҳаваскор ва профессионал йўналишларда мусобақалар ўтказила бошланди.
Шунингдек, терма жамоа сифатида Халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этиш одатий ҳолга айланди. Қувонарлиси, ўтган 5 йил мобайнида ҳаваскор терма жамоамиз жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бирига айлана олди. Ўтган йили пойтахтимиз Тошкент шаҳри мезбонлик қилган катталар ўртасидаги аралаш жанг санъати турлари бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Ҳамюртларимиз муросасиз баҳслар давомида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 8 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Жорий йилдаги катта ютуқлардан мисол келтирадиган бўлсак, Грузиянинг Тбилиси шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида 2 та олтин ва 3 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Бундан ташқари, профессионал спортчиларимиз ҳам жаҳоннинг энг нуфузли промоушенларида фаолият юритмоқда. Жумладан, Нурсултон Рўзибоев ўрта вазн (83,9 кг)да жаҳоннинг ТОП-10 талик жангчилари қаторига қўшилиш арафасида, ярим оғир вазн (93 кг)да Богдан Гусков аллақачон ТОП-10 рейтингдан ўрин олган. Супер енгил вазн (56,7 кг) да Рамазон Темиров ҳам ушбу маррани забт этиб улгурган.
Шунингдек, Хотам Бойназаров ярим ўрта (77,1 кг) вазн тоифасида яна бир нуфузли промоушен UAE Warriors чемпиони ҳисобланади. Ҳаваскорлар ўртасида Асрорбек Анваржонов ва Зафарбек Асатов икки карра жаҳон чемпиони бўлишга эришган. Бир сўз билан айтганда қисқа муддатда улкан ютуқлар қайд этилмоқда.
Яқинда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов Ўзбекистон ММА ассоциацияси раиси этиб сайланди. Ундан аввал ассоциацияга ДХХ раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов ва Осиё Олимпия кенгашининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Отабек Умаров ҳам раислик қилган.
Таъкидлаш жоизки, А.Ташпулатов айни пайтда Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ҳамдир. Ассоциациянинг янги раиси мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш, спортчиларга қатор имкониятлар ва халқаро мусобақаларда иштирок этишларида ҳар томонлама кўмак берилишини, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳам ўз ҳудудларида ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.
Бир сўз билан айтганда юртимизда ушбу спорт турининг тараққиёти бутунлай янги босқичга кўтарилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида ММА бўлимлари фаолият юритмоқда. Айниқса, Бухоро, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қизиқиш ниҳоятда юқори.
Ушбу спорт тури билан кўплаб ички ишлар органлари ходимлари ва курсантлар ҳам мунтазам шуғулланиб, юқори натижалар қайд этиб келишмоқда.
Жумладан, Гулистон шаҳрида ўтказилиб, қўшни Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган ММА усталари қатнашган турнирда октагонга кўтарилган вакилларимиз орасида ИИВ академияси 2-босқич курсанти, сафдор Маҳмуджон Давуровнинг жанги ҳам томошабоп ўтди.
Озарбайжонлик Нематли Хатаи билан жанг қилган спортчимиз иккинчи раунддаёқ рақибини нокаутга учратиб, байроғимизни боши узра баланд кўтарди.
Спортчи ходимлар ва уларнинг ютуқлари борасида келгуси сонларда ҳам мунтазам ёритиб борилади.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов.
