Юксак мукофот соҳиблари. Фидойилик қадр топади
2025-10-20 20:10:00 / Янгиликлар

Шофиркон туманида таваллуд топган Абдухалил беш фарзанднинг ўртанчаси бўлиб, ота-онасининг намунали тарбияси туфайли яхшиликларни ўзгалардан аямаслиги, қатъиятли ва изланувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Қолаверса, отаси Рустам акага болалигиданоқ ўхшашга ҳаракат қилиши ва касбининг давомчиси бўлиш нияти уни ИИВ Академиясига етаклади.
Хизмат фаолиятини 2007 йилда бошлаган Абдухалил Носиров кўплаб устозлардан соҳа сирларини пухта ўрганиб, тажрибаларини бойитиб борди. Вилоят ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили ҳамда Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилиб, эл-юрт осойишталигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшди. Кўплаб ёш ходимларга устозлик қилди, соҳа сирларини ўргатди.
Бевосита унинг раҳбарлигида жорий йилнинг ўтган ойлари давомида безорилик, енгил тан жароҳати етказиш, ўртача оғир тан жароҳати етказиш, йўл-транспорт ҳодисалари, қолаверса, муқаддам судланганлар, аёллар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилиши кескин камайишига эришилди. Оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, автомашина олиб қочиш, босқинчилик ва талончилик каби жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади. Туман ИИБ ходимлари олиб борган профилактик-тарғибот ишлари самараси ўлароқ маст ҳолдаги шахслар ва ишсизлар томонидан жиноят содир этилмади. Айни пайтда гиёҳвандлик билан боғлиқ 21 та, порахўрлик билан боғлиқ 6 та ва экстремизм билан боғлиқ 2 та жиноят фош этилишига эришилди. Бундан ташқари, 1 та маъмурий назорат қоидасини бузиш ва 8 та ноқонуний ов қуролини сақлаш билан боғлиқ бўлган жиноий ҳолатлар аниқланди.
Подполковник Абдухалил Носиров хизмат фаолияти давомида тинчлик-барқарорлик, хавфсизликни таъминлаш борасида кўплаб махсус тадбирларда фаол қатнашди. Айни пайтда «қизил» тоифадаги маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш мақсадида туман ИИБ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамжиҳатликда манзилли ишларни олиб бормоқда.
— Отам раҳматли «Ўғлим, ҳалол хизмат қил. Вақти келиб, давлат раҳбарининг ўзи кўксингга орден ва медаль тақиб қўяди», — дея орзу қиларди. Демак, яхши ният ҳамиша рўёбга чиқаркан, ниятга кўп нарса боғлиқ экан, — дейди Абдухалил Носиров ғурурланиб. — Қандай ютуққа эришмайин, барчасининг замирида мен билан ёнма-ён хизмат қилаётган, қўллаб-қувватлаб турган ҳамкасбларим ва устозларим, айниқса, истеъфодаги подполковниклар Тўлқин Раззоқов, Фахриддин Фаттоев ва Юнус Жўраевларнинг ҳиссаси катта. Келгусидаги хизматимда ҳам юртимга садоқат билан хизмат қиламан.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
