Ички ишлар вазирлигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Асад Мажид Хон билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2025-09-24 13:00:00 / Янгиликлар

Куни кеча Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Асад Мажид Хон мамлакатимизга ташриф буюриб, Ички ишлар вазирлигида расмий учрашувда иштирок этди.
Учрашувни ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Рахматуллаев очиб бериб, сўнгги йилларда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ҳақида маълумот берди.
Музокаралар давомида томонлар Иқтисодий ҳамкорлик доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишини чеклаш, терроризм ва кибержиноятчиликка барҳам бериш йўлида ахборот ва илғор тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқот якунида томонлар Ташкилот доирасида узвий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича истиқболли режаларни белгилаб олдилар.



