Электромобиль ҳайдаш энди янада фойдали бўлади
2024-03-30 21:15:00 / Янгиликлар
Сўнгги вақтларда кенг жамоатчилик орасида экологик муаммолар кенг муҳокама қилинмоқда. Ўз навбатида мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, яшил энергетикани қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Шундай чора-тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида аҳолининг яшил энергетикада ҳаракатланувчи транспорт воситалари харид қилишини рағбатлантириш мақсадида бундай тоифадаги транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида имтиёз берилмоқда.
Бунга кўра, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда ундириладиган тўлов ставкалари электромобиллар, мототранспорт воситалари ва автотранспорт воситалари тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов белгиланмоқда.
Электромобиллар, мототранспорт воситалари ва автотранспорт воситалари тиркамаларидан бошқа барча автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун эса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 6,84 баравари миқдорида тўлов белгиланмоқда.