Биз коррупцияга қаршимиз. «Бир қўллаб юборсангиз...»
2025-09-08 04:10:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 3-сафарбарлик гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор Тўймурод Ҳодиев жорий йилнинг 31 июль куни Ғиждувон туманидаги «Сармижон» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган эди. Тунги соат тахминан 03:30 лар атрофида «Cobalt» русумли автомашина йўл-патруль масканидан ўтаётганда ҳайдовчининг кўз қарашлари инспекторни ҳушёр торттирди. Шу боис унинг ҳужжатларини текшириш мақсадида автомашинани тўхтатди. Ҳайдовчи ўзини Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида яшовчи Ю.Диёрбек (исми ўзгартирилди) деб таништирди. Сўнг у дангал мақсадга кўчди:
— Ака, шошганда ҳужжатлар эсдан чиқиб қолибди. Бир сафар қўллаб юборинг, хизматингизни унутмаймиз.
— Бўлмайди. Яхшиси, автомашинани жарима майдонига жойлаштирамиз, — деди сафдор Т. Ҳодиев мулойимлик билан.
Инспектор фуқаро Ю. Диёрбекка йўл ҳаракати қоидалари бузилганини тушунтириб, ҳужжатларсиз автомашина бошқаргани учун унга нисбатан электрон маъмурий баённома расмийлаштирди. Кейин автомашинани жарима майдонига жойлаштиришга тутинди.
- Яқинда ҳам худди шу ҳолат бўйича тушгандим. Анча овора қилишди. Қолаверса, жаримаси ҳам кўп экан. Бир қўллаб юборсангиз, 2 миллион 500 минг сўм пул бераман, — дея ҳайдовчи пора таклиф қилди. — Эвазига автомашинани жарима майдонидан чиқариб берасиз ва баённомани бекор қиласиз.
- Узр бу ишингиз қонунга зид. Пора берган ҳам, пора олган ҳам жавобгар ҳисобланади, — дея инспектор огоҳлантирди ва маслаҳат берди. — Яхшиси, озгина кутсангиз эрталаб бўлади. Жаримани тўлаб, автомашинангизни олиб кетаверасиз, бехижолат.
- Ака, айтишга осон. Камида беш кун овора бўламан, — дея қоидабузар осойишталик посбонини ҳам жиноятга бошламоқчи бўлди. — Ҳозир 1 миллион 500 минг сўм нақд бор. Кечгача 1 миллион сўмни пластик картангизга ўтказиб бераман. Йўқ, деманг, ака. Қолаверса, бу яхшилигингизни сира унутмайман.
ЙПХ инспекторининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан, қоидабузар фуқаро мақсадидан қайтмади. Натижада сафдор Т. Ҳодиев ҳолат юзасидан раҳбарият номига билдирги билан мурожаат қилди.
Мурожаат юзасидан ИИВ ШХББ Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Департаментнинг Ғиждувон тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ю. Диёрбек сафдор Т. Ҳодиевга 1 миллион 500 минг сўм пулни пора тариқасида берган вақтида ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сафдор Т. Ҳодиев каби ҳалол, ғайрат-шижоатли ёшларимиз бор экан, юртимиз тинч-осойишта, осмонимиз мусаффо бўлади.
Мирзоқул АҲАДОВ, ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
