audio

    18+
    Юртимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, шу жумладан Ички ишлар органлари томонидан туну-кун хизмат олиб борилмоқда

    Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қад ростлаган, халқимизнинг ҳордиғи ҳамда кундалик юмуши учун хизмат қилаётган маданий кўнгил очар масканлари, йирик савдо марказлари ва деҳқон бозорларимиз, қолаверса хиёбонлар, спорт иншоотлари ҳамда бошқа жамоат жойларимизда инсон хавфсизлигини таъминлашга қаратилган барча вазифалар беками-кўст бажарилмоқда.

    Гувоҳи бўлаётганимиздек, замонамизда рўй бераётган аянчли воқеликлар макон ёки жой, миллат ёки ёш танламаяпти. Биз тинч ва осойишта, дориламон кунларда яшар эканмиз, юртимизни турли ташқи таъсирлардан, ёмон ниятли кимсалардан ҳимоя қилишга ўзимизни дахлдор ҳис этишимиз муҳим ҳисобланади.

    Яқин ўтмиш халқимиз учун изтиробли, аламли хотиралар билан муҳрланган 16 февраль воқеаларига, Сариосиё туманидаги террористик таҳдидларга, Андижондаги хунрезликларга гувоҳ бўлган. Ғаразгўй, ватансиз кимсаларнинг бу ҳаракати тарихга қонли террор сифатида муҳрланган.

    Бу каби кўнгилхираликлар дунёнинг бошқа ривожланган давлатларида ҳам кўп бора содир бўлган. Айримлари эса ҳалигача уруш алангасида қолмоқда. Натижада кўплаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлишмоқда. Улар орасида ёш болаларнинг ҳам борлиги инсониятни чуқур қайғуга солади.

    Мана шунга ўхшаш хунрезликлардан ва мудҳиш воқеалардан ҳимояланиш учун, юртимиз, шаҳримиз, маҳалламиз тинчлиги учун барчамиз бир бўлиб бирлашишимиз, огоҳликни кучайтиришимиз зарур.

    Бунинг учун, жамоат жойларида шубҳали кўринган шахсларга эътибор қаратишимиз ҳамда улар ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришимиз муҳим.

    Ундан ташқари, турли манзилларда қаровсиз қолдирилган ҳар қандай буюмни эътибордан четда қолдирмасдан, улар ҳақда дарҳол 102 рақамига хабар бериш лозим.

    Ва албатта, жамоат жойларида хизмат вазифасини бажариб, жамоат хавфсизлигини таъминлаётган ҳуқуқ посбонларининг қонуний талабларини эътирозсиз бажариш зарур.

    Мамлакатда халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантириш ниҳоятда долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.

    Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз, шаҳримиз ва ҳар бир маҳаллада тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш учун барчамиз бирдек масъулмиз.

    • view_icon 223
    : 2024-03-29 21:39:47