Маҳалла тинч — юрт тинч. «Иноқобод»нинг аҳил аҳли
2025-08-27 12:35:00 / Янгиликлар

Миробод тумани «Иноқобод» маҳалласига борганимизда профилактика инспектори, майор Азизжон Собуров, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурсулув Сабикова ва фаоллар билан биргаликда кеча тунда кўп қаватли уйдаги хонадони деразасидан кўчага чиқинди улоқтирган 3 нафар фуқаро қилмишини муҳокама қилишаётган экан.
— Барака топгурлар, шундай чиройли янги уйлар маҳалламизни безаб турибди. Кўрган одамнинг ҳаваси келади. Қанийди, менам шундай уйларда яшасам, дейдиганлар қанча. Сиз бўлса, уйингиздан 30-40 қадам наридаги чиқиндихонага боришга эриниб, чиқиндини ойнадан улоқтираяпсиз! Уялмайсизларми? Бир-икки марта огоҳлантирдик. Инсофга келар, дедик. Қайдам, мана, камера яна сизларни қайд этиб турибди. Энди қонуний чора кўрамиз, Азиз ака, — деб раиса опа профилактика инспекторига юзланди.
Дарҳақиқат, бугун азим шаҳарнинг барча маҳаллаларида махсус чиқиндихоналар барпо этилган. Аммо, афсуски, айрим маҳаллаларда бундай кўнгилни хижил қилувчи ҳолатлар учраб турибди. Маҳаллада 1151 та якка тартибдаги хонадонда 2125 та оила истиқомат қилмоқда. Шунингдек, 12 та кўп қаватли уйнинг 1048 та хонадонида 1121 та оила истиқомат қилар экан. Шулардан баъзилари кўчага чиқинди ташлаб, ифлослантиргани учун улар қилмиши муҳокамасининг устидан чиқдик. Ҳовлиларда эса бундай муаммолар қайд этилмаган.
Маҳаллада ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланган ва маъмурий назоратда турган шахслар томонидан жиноят содир этилмаган. Аммо бир нафар чет эл фуқароси томонидан 2 та талончилик жиноятига қўл урилган бўлсада, у ўз вақтида фош этилган.
Шу йилнинг 2 январь куни ушбу 136-сонли ҳуқуқ-тартибот масканига 28 ёшли аёл М.Г. мурожаат қилиб, кеч соат 19:10 ларда маҳалла ҳудудидаги 82-сонли кўп қаватли уй олдида номаълум шахс унинг «Redmi A1+» русумли уяли алоқа воситасини куч ишлатиб тортиб олиб, воқеа жойидан яширингани ҳақида айтиб, унга нисбатан чора кўришни сўрайди.
Профилактика инспектори зудлик билан барча кўчадаги видеокамералар кузатувини ўрганиб, шубҳа уйғотган номаълум кишини ажратиб олади. Тезкор қидирувда номаълум шахснинг тожикистонлик эканлиги аниқланади ва у чегарадан ўтиб, қочиб кетмаслиги учун барча чегара постларига махсус хабарнома тарқатилади.
Чегара постида қўлга олинган талончи билан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари чоғида унинг маҳалладаги яна бир қизчанинг қимматбаҳо уяли алоқа воситасини зўрлик билан тортиб олиб кетгани ҳам аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга юборилади.
— Яна бир уяли телефон ва 1 та велосипед ўғирлаган 2 нафар шахс ҳам тезда қўлга олинди. Битта оила турмуш доирасида содир этилган, ака-ука ўртасидаги низо туфайли келиб чиққан тан жароҳати етказиш ҳолати бўйича ҳам тўпланган ҳужжатлар судга чиқарилди, — дейди майор А.Собиров. — Маҳалламиз ўтган йили «қизил» тоифада эди. Бу йил маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда қилинган саъй-ҳаракатлар туфайли ўтган йилга нисбатан жиноятлар камайиб, «сариқ тоифа»га ўтдик. Йил якунида «яшил» тоифага ўтишни режалаштирганмиз.
Қолаверса, ҳамкорликдаги ишлар доимо ўз самарасини берган. Шу боис, маҳалла тинчлиги, ободлиги ва озодалиги йўлида биргаликда курашаётган иноқободликлар ҳам кейинги йилда «яшил» тоифадаги маҳаллалар қаторига қўшилади, — деган умиддамиз. Чунки уларнинг ўзаро аҳиллиги ва ҳамжиҳатлиги иноқлигини безаб турибди.
Шуҳрат Рўзиев, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент шаҳри
