Жорий йилнинг 19 август куни Ички ишлар вазирлигида республика миқёсида ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
2025-08-19 14:25:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг жорий йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида январь ойида “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ҳамда апрель-май ойларида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди. Ушбу жараёнларда тўпланган ижобий тажрибадан келиб чиқиб, 15 июлдан 15 августга қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг иккинчи босқичи амалга оширилди.
Тадбирлар доирасида ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий бўлинмалардаги шахсий таркиб кучайтирилган тартибда, мамлакатимиздаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда хизмат олиб борди.
Мазкур тадбирнинг тафсилотлари юзасидан Ички ишлар вазирлигида ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда соҳавий хизмат масъуллари иштирок этдилар.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг 2-босқичида жами 14 167 та тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, 2 599 та гиёҳвандлик, 1 576 та уюшган жиноятчилик, 1 650 та коррупция ва 4 653 та бошқа йўналишларда ноқонуний ҳолатлар аниқланди ва тезкор тадбирлар 1-босқичга нисбатан уч бараварга кўпайишига эришилди.
Тадбир самарадорлигини ошириш мақсадида гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш йўналишида ташкил этилган тун-у кун фаолият кўрсатадиган “Колл-марказ”га келиб тушган 598 та маълумот бўйича аҳолига ҳуқуқий ёрдам берилди ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний муомаладан жами 557,5 кг гиёҳвандлик воситаси, 376,5 минг дона кучли таъсир қилувчи дорилар олиниб, 10,5 минг туп гиёҳвандлик ўсимликлари етиштирилаётганлиги аниқланди.
Тадбир давомида жами 91 та тарқатувчилар (закладкачилар) билан боғлиқ ҳолатда 34,5 кг гиёҳвандлик воситаси расмийлаштирилиб олинди ва интернетдаги наркодўконлар рекламаси акс этган 1 751 дона “наркограффити” аниқланиб, ўчирилди.
Тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳ ва шахслардан 858 та пневматик қурол, 2 716 та ов қуроли ва ўқ-дори олинди. 1 033 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 584 нафар бедарак йўқолган шахслар оиласи бағрига қайтарилди.
Жамоат жойида совуқ қурол олиб юрган фуқаролардан 14 936 та ўткир тиғли буюмлар 14 091 та пичоқ , 352 кастет, 493 бошқа олиб юрилиши таъқиқланган буюмлар олиниб, қонуний чора кўрилди ҳамда ов қуроли сақлаш қоидаларини бузган ҳамда браконьерлик ҳаракатларни содир этган 3 692 нафар шахс маъмурий ва 254 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг 2-босқичи доирасида профилактик тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла ҳудуди ва йўналишларга бириктирилган пиёда ва автопатруль нарядлари ҳамда профилактик инспекторлари томонидан аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари ва тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Профилактик тадбирлар доирасида 263 765 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.
211 796 нафар оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун судланган шахслар билан қайта жиноятлар содир этмаслиги ҳақида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 1 444 нафари маъмурий назоратга, 125 859 нафари профилактик ҳисобга олинди.
Пробация назоратидаги 228 224 нафар шахслар текширилди, жазо ўташдан бўйин товлаган 1 808 нафар шахснинг жазоси оғир турдаги жазога алмаштирилиб, 1 030 нафари жазони ижро этиш муассасасига қайтарилди. Ўтказилган 1 398 та “сайёр суд”ларда тузалиш йўлига ўтган 7 827 нафар шахс жазо ўташдан муддатидан илгари озод қилинди.
Алкоголизм, гиёҳванд ёки психотроп моддаларга қарамликка чалинган ва хулқ-атвори жамият учун хавф туғдирган ўзлари ва бошқаларнинг соғлиғига зарар етказиш эҳтимоли бўлган 18 815 нафар шахс мажбурий даволанишга, жамоат жойларида маст ҳолатда бўлган, ўз хулқ-атворини бошқара олмайдиган ва жамият учун хавф туғдирадиган 64 610 нафар шахс ҳушёрхонага, аниқ яшаш ва иш жойига эга бўлмаган 1 285 нафар шахс реабилитация марказига, шунингдек, ота-онаси ёки васийлар томонидан тарбия, таълим ва таъминот вазифалари бажарилмаганлиги оқибатида назоратсиз ва қаровсиз қолган 4 799 нафар болалар вояга етмаганлар марказига жойлаштирилди.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ЙПХ инспекторлари томонидан жами 707 мингта қоидабузарлар аниқланиб, ҳуқуқбузарларга тегишли 85 мингтага яқин транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди. Автомашина, велосипед ва аравачаларни доимий равишда қаровсиз қолдирадиган 153 минг нафар фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида фақат чора кўриш эмас, балки йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавфсиз йўл шароитларини яратиш ва юзага келаётган тирбандликларни олдини олиш чоралари кўрилди. Хусусан:
– 18 700 та йўл белгилари, 270 та светофор ўрнатилди, 772 минг метр/кв йўл чизиқлари чизилди, 580 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилди ва 7 100 та светофорлар таъмирланди;
– фуқаролар ва турли ташкилотлар томонидан ўзбошимчалик билан ёпиб қўйилган 18 та Тошкент шаҳри ва ҳудудлардаги маҳаллаларда ўрнатилган шлагбаум ва тақиқловчи йўл белгилари демонтаж қилиниб, транспорт воситаларининг ҳаракати тикланди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, йўл транспорт ҳодисалари аввалги ойнинг мос даврига нисбатан 41,3 фоизга камайишига эришилди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг 2-босқичи доирасида маҳаллаларда, аҳоли яшаш пунктлари, жамоат жойлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 153 816 та камера ўрнатилди. 6 392 та дўкон, 5 949 та хонадон техник қўриқловга, 2 031 та объект жисмоний қўриқловга олинди.
Ҳамкорликда ўтказилган кенг кўламли тезкор профилактик тадбирлар давомида, ижобий натижалар кузатилиб, республикада содир этилган жами жиноятлар ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга камайишига эришилди.
Ўтган ойнинг мос даврига нисбатан олди олиниши лозим бўлган жиноятлар 39 фоизга камайган бўлса, ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан жиноятларни аниқлаш 50 фоизга яхшиланди.
Матбуот анжумани жараёнида Вазирлик раҳбарияти томонидан оммавий ахборот воситаларининг саволларига жавоб бериш билан бирга, айни вақтда жиноятчиликка қарши кураш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш жараёнларида жамоатчилик вакилларининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаб, аҳолини гиёҳвандлик иллатидан огоҳликка чақириш, турли ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда фуқароларининг жиноятчиликка барҳам беришда ҳуқуқий онгини ошириш ишларида ташаббускорликка чақирилди.
Ушбу йўналишдаги тадбирлар давом эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати









