Ўзбекистон Республикасидаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси халқаро қидирувда бўлган бир нечта жиноятчиларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида келишувга эришди
2025-08-14 15:45:00 / Янгиликлар

Интерпол Тошкент ва Анқара Миллий марказий бюроларининг олиб борган мувофиқлаштириш ишлари ва яқин ҳамкорлиги, шунингдек, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси билан самарали ҳамкорлиги натижасида Интерпол каналлари орқали қидирув эълон қилинган жиноятчиларни депортация қилиш масаласи ҳал этилди.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси ахборот кўмаги ва АҚШ ваколатли органлари билан яқин ҳамкорликда, Америка ҳамда Туркия томонлари билан қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида, турли жиноятлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа қилмишларни содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз томонидан қидирув эълон қилинган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилди.
Америка томони, шунингдек Анқара Интерпол Миллий Марказий Бюроси, АҚШ ва Туркия ваколатли органлари билан олиб борилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ва ахборот алмашинуви натижасида қидирувдаги шахсларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу тариқа АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси ходимлари ҳамроҳлигида икки нафар жиноятчи Нью-Йоркдан Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга олиб келинди, яна икки киши эса Истанбулдан чиқариб юборилди. Кейин улар кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш мақсадида Интерпол Миллий марказий бюроси ва республика ҳудудий ички ишлар органлари ходимларига топширилди.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси


