Наврўз байрамида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 22 383 нафар ходим ва ҳарбий хизматчи сафарбар этилади
2024-03-18 15:35:00 / Матбуот анжуманлари

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги шунингдек «2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги, қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда.
Кенг аҳоли қатламлари иштирокида республикамизнинг 2092 масжидларида «Таровеҳ» намозлари ўқилмоқда.
Намозлар ўқиладиган масжидларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга 14 минг нафардан ортиқ ходимлар ва ҳарбий хизматчилари жалб этилган. Масжидлар ва уларнинг атроф ҳудудларида фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланиб, жамоат тартибининг бузилиши ҳамда фавқулодда ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилмаслиги тўлиқ назоратга олинган.
Ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бевосита автомобиль йўлларига ёндош жойлашган масжидлар атрофидаги йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинчалик чеклаш чоралари кўрилиб, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлари содир этилишининг олдини олиш мақсадида, масжидларга кириш жойларда бетон ёки металл тўсиқлар ўрнатилган ҳолда, масжидлардан 150 метр узоқликда алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилган.
Серқатнов кўчаларда жойлашган масжидлар қаршиси ва унга олиб борувчи кўчаларда пиёдалар ўтиш жойларига йўл ётиқ чизиқларни чизиш, йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл ҳаракатини тартибга солувчи техник воситаларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Масжидлар атроф-ҳудудларида ташкил этилган автотураргоҳларда ўғрилик жиноятлари содир этилишини олдини олиш мақсадида Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат патруллик гуруҳлари ташкил этилган.
Мамлакатимизда ҳар йили халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган «Наврўз байрами» энг ардоқли миллий байрам сифатида кенг нишонланиб келинади. Байрам тадбирлари республика ҳудудида жами 219 объектларда ўтказилиши белгиланган.
Фуқароларни хавфсизлигини таъминлаш учун 22 минг 383 нафар ходимлар ва ҳарбий хизматчилар сафарбар этилди. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, 3 минг нафардан ортиқ захира гуруҳлари ташкил этилган.
Жорий йилда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида, байрам тадбирларини хавфсиз шароитда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида кенг қамровли «Хавфсиз ҳудуд» профилактик тадбирлари бошланган.
Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган жойларда байрам тадбирлари ўтказилишига ҳамда ушбу жойлардаги носоз аттракционлар ва бошқа ўйин қурилмаларнинг ишлатилишига йўл қўйилмаслиги назоратга олинган ва ҳар бир табдир объектида маҳаллий ҳокимлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа идора ва ташкилотлар вакилларининг навбатчилиги ташкил этилган.
Очиқ жойларда халқ сайиллари ўтказиладиган жойларнинг атроф-ҳудудлари жисмонан, техник ва махсус воситалар билан тўлиқ тўсиш чоралари кўрилиши, шунингдек байрам тадбирлари ўтказилаётган вақтда электр-энергия, газ, сув, ободонлаштириш ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳар қандай вазиятга шай ҳолатда бўлиши белгиланган.
Азиз юртдошлар, мазкур тадбирларнинг муҳимлигини инобатга олиб, уларни тинчлик ва осойишталик билан, юқори савияда ўтказиш учун барчамиз масъулият билан ёндашайлик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
