ОАВ вакиллари Тошкент шаҳрида вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи марказ фаолияти билан танишди
2025-08-01 12:05:00 / Янгиликлар

Пресс-тур иштирокчилари Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига етиб келишди/
ОАВ вакилларини марказ ходимлари кутиб олди ва уларнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган «Хавфсиз оила» лойиҳасини тақдимот қилишди
Таъкидланишича, ҳозирда пойтахтимизда 1215 та носоғлом муҳитда яшовчи оилалар мавжуд бўлиб, улардан 366 таси спиртли ичимликлар истеъмол қилувчи, 52 нафари эса гиёҳвандликка мойил экани аниқланган. Шунингдек, 420 га яқин оила ажрим ёқасига келиб қолган.
Лойиҳа доирасида шу каби муаммоли оиланинг болалари уларнинг ота-оналари билан алоҳида ишлаш тадбирлари бошлаб юборилган. Жумладан 20 нафарга яқин ана шундай оила болалари марказга жалб этилган.
Журналист ва блогерлар марказда яратилган шарт-шароитларни бирма-бир кўздан кечириб чиқишди. Тарбияланувчилар билан алоҳида суҳбатлашган ҳолда, бу ерда таҳсил олаётган, касб ўрганаётган ҳамда ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш имконига эга ёшларнинг фикрларини камера хотирасига муҳрлаб олишди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









