Наманган вилояти Косонсой туманининг "Намуна" маҳалласида "Сайхунобод тажрибаси"ни оммалаштириш юзасидан ўқув-семинар ташкил этилди
2024-03-16 08:00:00 / Янгиликлар

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сайхунобод тажрибасини бутун Республикада оммалаштириш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев Косонсой туманининг «Намуна» маҳалласида Сайхунобод тажрибасини жорий этиш юзасидан ташкил этилган ўқув-семинарда иштирок этиб, дастлаб, туман сектор раҳбарлари, «Агробанк», «Халқ банки», «Микрокредитбанк», «Турон банк» туман филиаллари бошқарувчилари, тадбиркорлар ва ижтимоий-иқтисодий соҳа вакиллари билан яқиндан суҳбатлашди.
Учрашув давомида аҳолини томорқа ва уй хўжалигидаги имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга жалб этиш мақсадида паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик ортидан оилавий даромадини ошираётган фуқароларнинг тажрибалари кўргазма тариқасида намойиш этилди.
Шунингдек, ер унумдорлигини ошириш мақсадида томорқа ишларида кенг фойдаланишга мўлжалланган мото-культиваторларнинг техник имкониятлари билан ҳам танишилди.
Йиғилиш сўнггида тумандаги 59 та маҳаллага бириктирилган масъулларга аҳолини томорқалардан унумли фойдаланишлари учун етарлича шарт-шароит яратиш, уй шароитида чорвачилик, асаларичилик, паррандачилик ва оила учун бошқа қўшимча даромад келтирувчи ишлар билан шуғулланишга жалб қилиш ва уларни оилавий тадбиркорликка қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида кооперациялар ташкил этиш ҳамда турли масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати





