30 июл – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни: Глобал муаммо – умумий масъулият
2025-07-29 19:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 29 июл куни Ўзбекистон пойтахтида одам савдосига қарши курашнинг глобал муаммоларига бағишланган муҳим халқаро анжуман бўлиб ўтди. Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ/БМТнинг Миграция агентлиги) билан ҳамкорликда ташкил этган мазкур тадбирда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлардан 110 дан ортиқ етакчи мутахассис ҳамда экспертлар иштирок этди. Анжуман 30 июлда нишонланадиган Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланди.
Конференциянинг тантанали очилиш маросимида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Аюбхон Раҳматуллаев, ХМТ/БМТ Миграция агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эндрю Грей, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича махсус вакили ва мувофиқлаштирувчиси Кари Жонстон (онлайн орқали), БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Покистон ва Эрондаги минтақавий вакили ўринбосари Александр Федулов нутқ сўзлади.
Маърузачилар ўз чиқишларида глобаллашув шароитида одам савдоси нафақат алоҳида шахслар учун хавф туғдираётганини, балки бутун жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига путур етказаётганини таъкидладилар. Ҳар йили миллионлаб одамлар ушбу жиноят қурбонига айланмоқда ва афсуски, бу рақамлар тобора кўпайиб бормоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ушбу салбий иллатга қарши курашда ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан тизимли ва сезиларли ривожланишни кўрсатмоқда. Миллий қонунчиликни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида“ги янги қонун қабул қилинди, одам савдоси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Одам савдосидан жабр кўрган шахсларни аниқлаш ва йўналтириш бўйича миллий тизим жорий этилди. Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси“ тасдиқланди ҳамда фаол равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Анжуман иштирокчилари эришилган ютуқларда халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро Миграция Ташкилоти/БМТнинг Миграция агентлиги ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Анжуман доирасида “Одам савдоси: замонавий таҳдидлар ва тенденциялар“, “Одам савдосига қарши курашда халқаро ҳамкорликнинг ўрни“, “Одам савдосига қарши курашишда ва жабрланганларни ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти“ каби долзарб мавзуларга бағишланган сессиялар ўтказилди.
Мунозаралар давомида рақамли муҳитнинг одам савдоси шаклларига таъсири кучайиб бораётгани, бу иллат билан курашишда чегаралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш зарурати, шунингдек, жабрланганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда нодавлат ташкилотларнинг муҳим роли масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуманда нафақат одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги миллий ютуқлар сарҳисоб қилинди, балки илғор хорижий тажрибалар билан ҳам ўртоқлашилди. Шунингдек, келажак учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу конференциянинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани ҳимоя қилиш ҳамда амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш йўлидаги интилишини яна бир бор тасдиқлади.
Азиза БОХОДИРОВА,
майор.









