Ўзбекистонда илк бор волейбол бўйича U-19 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳслари бошланди
2025-07-24 22:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизда волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган йигитлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати илк бор ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли мусобақада 24 та давлатдан 288 нафар ёш волейболчи қатнашмоқда.
Чемпионат доирасида баҳсларни адолатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида 56 нафар халқаро ва 50 нафар маҳаллий ҳакамлар, шунингдек, 80 нафар техник мутахассис жалб этилган. Мусобақада иштирок этувчи жамоалар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда чемпионлик учун кураш олиб боришмоқда.
Бугун, 24 июль куни, чемпионатнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда мусобақа иштирокчилари, ташкилотчилар ва спорт мухлислари иштирок этишди.
Очилиш маросимидан сўнг, Ўзбекистон ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасида дастлабки учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ушбу учрашувда Туркия жамоаси устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Юртдошларимизнинг мазкур зафарли натижаси, уларнинг юқори спорт маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва ғалабага бўлган иродасини яққол намоён этди.
Учрашувдан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бу ғалабани нафақат ўз жамоасига, балки бутун халқимизга, Ватанимизга бағишлашларини таъкидлашди.






