Литва Республикасидан фирибгарлик учун қидирувда бўлган жиноятчи биринчи бор Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди
2025-07-08 16:45:00 / Янгиликлар

Литва Республикасидан Интерпол каналлари орқали қидирилаётган шахс Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди.
Интерпол Тошкент ММБ ходимлари кузатувида Литва Республикасидан Ўзбекистон Республикасига Жиноят кодексининг 168-моддасида кўзда тутилган фирибгарликни содир этганликда айбланаётган фуқаро экстрадиция қилинди. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқаро қидирувга берилганлиги эълон қилинди.
Интерпол каналлари орқали қидирувдаги шахснинг Литва ҳудудида эканлиги аниқланди. У ўша ерда қўлга олиниб, экстрадиция текшируви учун қамоққа олинган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг илтимосномасини қаноатлантиргандан сўнг, Литва томони жиноятчини экстрадиция қилиш ва уни содир этган жинояти учун жазо тайинлаш мақсадида топшириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда қидирувда бўлган шахс Интерпол Миллий Марказий Бюросининг Ўзбекистон Республикасидаги вакиллари томонидан республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига топширилди.
Бу Интерпол Тошкент ва Вилнюс Миллий марказий бюролари ўртасида экстрадиция жараёнини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг илк тажрибаси бўлиб, у мамлакатларимизнинг халқаро жиноятчиликка қарши курашишдаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш имкониятини яратади.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси


