Тошкент шаҳар ИИББ Йўл-патруль хизмати бригадасининг маъмурий биноси тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилди
2025-06-26 11:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари тизимида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни назорат қилиш, мамлакатимизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг алоҳида ўрни бор.
Соҳанинг хизмат самарадорлигини янада ошириш моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида сўнгги йилларда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ходимларнинг хизмат ўташлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида олиб борилаётган яна бир амалий мисолнинг ифодаси сифатида Тошкент шаҳар ИИББ Йўл-патруль хизмати бригадасининг маъмурий биноси тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокими ва прокурори, шунингдек жамоатчилик фаоллари ва фахрийлар иштирок этдилар.
Иштирокчилар томонидан, сўнгги йилларда ички ишлар органларининг аксарият соҳавий хизмат йўналишларининг ижобий тажриба ва амалий иш натижалари, бевосита пойтахт ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётгани, ҳудуднинг ўзига хос Тошкент тажрибаси яратилиб, республикамизнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилаётганлиги, бундай ижобий тажриба ва натижаларни Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси фаолиятида ҳам кузатилаётгани алоҳида таъкидланди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 356 та гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни сақлаш, ташиш ва истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар аниқланган, 70 нафар қидирувдаги шахслар қўлга олинган ҳамда 100 дан ортиқ қидирувдаги транспорт воситалари ушланган.
Пойтахт йўлларида кундалик 1 млн.дан ортиқ автотранспорт воситаларининг тартибли ва хавфсиз ҳаракатланиши, инспекторлар томонидан 2 млн. 974 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, бугунги кунга келиб Тошкент шаҳрида умумий йўл транспорт ҳодисалари сони 4,1 фоизга, ўлим билан боғлиғи 6,9 фоизга, тезликни ошириш оқибатида содир бўлганлари 66,7 фоизга, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатидаги ҳалокатлар 16,7 фоизга, шунингдек болалар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисалари сони 8 фоизга камайишига эришилгани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тегишли қарор ва топшириқлари ижросини таъминлаш доирасида Тошкент шаҳар ИИББ Йўл-патруль хизмати фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимлар учун замонавий хизмат шароитларини яратиш мақсадида капитал таъмирланган бино автотураргоҳлар, маъмурий бинолар, хизмат хоналари, йиғилиш зали, ўқ отиш тири, музей, кутубхона, ошхона, саф ва машғулот майдонлари ҳамда таъмирлаш устахоналарини ўзи ичига олади.
Шунингдек пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва шаҳарда тирбандликларни барвақт прогноз қилишга қаратилган Компютерлаштирилган вазиятлар маркази яратилди.
Марказга татбиқ этилган Интеллектуал транспорт платформаси автотранспорт оқимини кузатиш, таҳлил қилиш ва интеллектуал бошқаришга имконият яратиб беради.
Натижада шаҳарда тирбандлик 50 фоизгача камайишига, автомобил йўловчиларининг вақтини тежаш, йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сони камайиши, фавқулодда хизматлар ҳаракатини тезлаштириш ҳамда қарор қабул қилишда аниқ статистика орқали самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Тадбир жараёнида, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан йўл-патруль хизматига 20 дона, патрул пост хизмати учун махсус жиҳозланган 20 дона “Кобалт” русумли янги хизмат автомобиллари топширилди. Ушбу кобалтлар ишлаб чиқарувчи томонидан махсус воситалар билан жиҳозланган бўлиб, уларга ўрнатилган камералар, вазиятлар марказига интеграция қилинган. Ушбу автомашиналарда ўрнатилган замонавий камералар қидирувдаги шахслар, олиб қочилган транспорт воситалари, жамоат хавфсизлигига таҳдид қолувчи ҳолатлар ҳақида марказга хабар юбориш имконияти мавжуд. Марказ эса бир вақтнинг ўзда барча хизмат автомобилларидаги камераларни масофадан туриб бошқариши мумкин.
Тадбир жараёнида Ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғи подполковник Мухаммад Адилов ва Йўл-патруль хизмати инспектори сержант Шерзод Холназаров II даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Йўл-патруль хизмати инспектори сержант Мухаммад Дадаев Ички ишлар вазирлигининг “Эсдалик қўл соати” билан тақдирландилар, шунингдек Йўл-патруль хизмати инспекторлари кичик сержант Аббос Нуримов, кичик сержант Отабек Саидов ҳамда кичик сержант Куониш Хамитовлар пул мукофоти билан рағбатлантирилдилар.
Тадбирда, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, масъуллар, шунингдек соҳа фахрийларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди, тизимни такомиллаштириш ҳамда иш самарадорлигини ошириш бўйича истиқболли вазифалар белгилаб олинди.









