Беларус Республикаси Тергов қўмитаси делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ташриф буюрди
2025-06-23 15:55:00 / Янгиликлар

Беларус Республикаси Тергов қўмитаси раиси ўринбосари, адлия генерал-майори Анатолий Васильев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ташриф буюрди. Дастлаб меҳмон делегация вакиллари ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъуллари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Беларус республикалари ўртасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, тергов бўлинмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, кибержиноятларга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш, ходимларни малакасини ошириш ва долзарб йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Беларус делегацияси аъзолари Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга бошқарма томонидан хорижий ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, туризм соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этилди.



