Сингапур давлати полицияси билан халқаро алоқалар мустаҳкамланмоқда
2025-06-10 15:00:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида делегация аъзолари мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, шунингдек, давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги ҳамкорлигини истиқболли йўналишлари билан яқиндан танишмоқдалар.
Ташриф доирасида, 10 июнь куни Сингапур полициясининг раҳбари Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Рахматуллаев билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбир жараёнида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидлаган ҳолда амалий ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, хусусан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан киберхавфсизлик масалалари, шунингдек, ёшларни наркотик ва синтетик гиёҳвандлик воситаларидан асраш бўйича илғор тажрибалар билан ўзаро алмашдилар.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
Мамлакатимизга ташриф давомида Сингапур полицияси делегациясининг Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ички ишлар органлари хизмати билан яқиндан танишиш, мамлакатимизнинг туристик салоҳияти ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш фаолиятини ўрганиш режалаштирилган.



