Янги Ўзбекистон — Янги ички ишлар органлари. Пойтахт ҳудуди кафтдек намоён
2024-02-15 11:00:00 / Янгиликлар

Пойтахтда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлиги ҳамда криминоген вазият барқарорлигига эришишда Тошкент шаҳар ИИББ Ягона тезкор бошқарув марказининг алоҳида ўрни бор.
Ягона тезкор бошқарув маркази Президентимизнинг “ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди, — дейди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал майор Азиз Тошпўлатов. — Даставвал, маҳаллий дастурчиларимиз томонидан “Қалқон” номли ахборотлар дастури ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳридаги барча бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилиб, марказнинг асосий платформаси — “Геоинформацион электрон харита” автоматлаштирилган дастурга киритилди.
Унга инфратузилма объектлари ва шахслар тўғрисидаги маълумотларни олиш, қайта ишлаш ва узатиш мақсадида еттита вазирлик ва идораларнинг 55 та электрон базалари интеграция қилинди.
Шунингдек, “E-manzil”, “Shakl-1", “E-mehmon”. “Kadastr” ҳамда транспорт оқими, қидирувдаги ва 37 турдаги профилактик ҳисобдаги шахслар бўйича базалар, шаҳримизнинг 10 мингдан ортиқ турар ва нотурар объектларига ўрнатилган видеокузатув камераларини бевосита назорат қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, пойтахт ҳудудидаги 21 та йўналишдаги жамоат транспорти ҳисобланмиш автобусларга синов тариқасида шахсни юзидан таниб олувчи видеокамера ҳамда ташвиш тугмачалари ўрнатилди.
Шу билан бир қаторда, йўловчи транспорти ва жамоат жойларида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида республика бўйича илгари “киссавурлик” жиноятини содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар “Қалқон” ахборотлар дастурига киритилди.
Натижада бозор ва жамоат жойларида 28 нафар ҳамда йўловчи автобусларида 18 нафар киссавурлик жиноятини содир этган шахслар жиноят устида қўлга олиниб, қонун устуворлиги — таъминланди.
Кўча ва жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимларни онлайн кузатиш, вазият юзасидан уларни йўналтириш орқали ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилганларини “иссиқ изида” бартараф этиш ҳам марказнинг имкониятларидан биридир.
Қилинган ишлар натижасида куч ва воситаларни тезкор бошқариш орқали ҳодиса жойига 3-5 дақиқа ичида етиб борилиши таъминланмоқда.
Қидирувда бўлган транспорт воситалари, олиб қочилган автомашиналар аниқланиб, ўз вақтида ушланмоқда.
Шунингдек, жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахслар қисқа фурсатда қўлга олиниши таъминланмоқда.
Марказда ўрнатилган замонавий компьютер технологиялари ҳамда мониторларда шаҳар кафтдек намоён бўлиб туради.
Кичик-кичик кўчалардан тортиб барча постларгача онлайн режимда кўриниб туради. Республикамизнинг барча вилоятларидан қанча транспорт воситалари шаҳар “дарвоза”ларидан кириб келаётгани марказ ходимлари назорати остида.
Пойтахтнинг катта-катта чорраҳаларида светофор ишламай қолиб, тирбандлик юзага келса, зудлик билан бу ҳолат бартараф этилиши юзасидан яқин орадаги ЙПХ инспекторларига хабар берилиб, ўша манзилга йўналтирилади.
Шунингдек, оммавий тадбирлар ёки одамлар гавжум бўлган жойлардаги вазият ҳам доимий кузатув остида. Имконият даражаси катта бўлган “Қалқон” дастури ҳатто майдондаги одамлар сонини ҳам аниқлай олади.
Президентимиз марказ фаолияти билан танишиш мақсадида ташриф буюрганларида аниқ ва устувор вазифалар, яъни маҳаллаларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларининг назорат тизимини жорий қилиш, улар томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида мониторинг олиб бориш топшириғини бердилар.
Замон талабларига мос, ахборот-технологиялари билан жиҳозланган Ягона тезкор бошқарув марказида пойтахт ҳудуди кечаю-кундуз кафтдек кўриниб туради.
Бу эса вазият барқарорлиги ҳамда осойишталикни таъминлашда “бедор кўз” вазифасини ўтайди.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
