ИИВ академияси ва Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциасияси (АИCА) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2025-05-29 07:05:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан бўлиб ўтган учрашувда ассоциасия бошқаруви раиси Владимир Норов ва академия раҳбари Рустам Хатамов атрофлича фикр алмашдилар.
Ҳозирги глобаллашув шароитида сунъий интеллект технологиялари жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олаётгани, соҳада қўлланилаётган инновацион ёндашувлар тараққиётнинг жадал суръатларда ўсишига муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
AICA бошқаруви раиси В. Норов давлатимиз раҳбари томонидан айни соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, кейинги йилларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар, хусусан, «Сунъий интеллект – 2030» стратегияси қабул қилингани, бу борада ассоциасия томонидан устувор мақсад ва вазифалар белгилаб олинганини қайд этди.
Мулоқот чоғида ички ишлар органлари фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари, бу борада ечимини кутаётган масалалар, келгусидаги вазифалар, таълимни рақамлаштиришнинг афзалликлари ҳақида сўз борди.
Академия раҳбари таълим жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этиш фаолиятнинг асосий йўналишлардан бири эканлигини таъкидлаб, сўнгги йилларда амалиётга татбиқ қилинган инновацион ёндашувлар, хусусан, «Смарт-академия» плаформаси доирасида амалга оширилаётган мақсадли чора-тадбирларга тўхталиб ўтди. Шу ернинг ўзида ассоциация вакилларига таълим муассасасидаги янгиланишларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Томонлар илғор тажриба ва ютуқларни ўрганиш муҳимлигини эътироф этган ҳолда Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциасияси ва ИИВ академияси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.
Шундан сўнг меҳмонлар Таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш маркази, магистратурада йўлга қўйилган ўқув жараёнлари, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ахборот-ресурс марказининг замонавий имкониятлари билан танишиб, ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун мўлжалланган махсус транспорт воситаларини кўздан кечирдилар.
Ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим ва илмий фаолиятни ривожлантиришга қаратилган илғор ёндашувлар меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Шу куннинг ўзида AICA бошқаруви раиси Владимир Норов магистратура тингловчилари ва профессор-ўқитувчилари билан ҳам учрашди. Мулоқотда кибермаконда юзага келаётган замонавий таҳдид ва хатарлар, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларга қарши курашишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилари ассоциациянинг мақсад ва вазифалари, фаолияти тўғрисидаги тақдимот билан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати









