Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан шоир ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди
2024-02-09 18:00:00 / Янгиликлар

Бугун тарихий сана — 9 февраль эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан шоир ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Маънавий-маърифий тадбирда зиёлилар, ижодкорлар, ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Барча ташкилот ва вазирликлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ходимлари, ИИВ ихтисослашган мактаб-интернати ўқувчилари, ИИВ Академияси курсантлари, ИИВ Алоҳида намунали оркестри жамоасининг иштироки тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб, юртимиздаги адабий ислоҳотларда Алишер Навоий асарларини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш ва уни хорижий тилларга таржима қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, озарбайжонлик навоийшунос олимлар — Алмаз Улвининг озар тилида “Алишер Навоийнинг асри ва насри”, Рамиз Аскер томонидан Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб” асари озарбайжон тилига тўлиқ таржима қилиниб, Бокуда чоп этилди.
Шундан сўнг, Қозоғистон Республикаси элчихонаси маслаҳатчиси Жасулан Исаков сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида тобора ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорликлар ҳамда 2023 йилда Астана шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали барпо этилганини таъкидлади.
Шунингдек, ташриф буюрган меҳмонлар томонидан Навоий ижоди, унинг қолдирган бой маънавий мероси, ғазаллари ва рубоийларидан намуналар ўқилди, шоир асарларининг дунё адабиёти ривожида тутган ўрни, аҳамиятига эътибор қаратилиб, Навоий ижодига оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Мумтоз наволарнинг жаранги эса йиғилганларни улуғ мутафаккирни яна бир карра англашга чорлади.
Бугунги байрам мамлакатимизда кейинги йилларда маданият, адабиёт ва санъат ривожига қаратилаётган эътиборнинг бир намунасидир, — деди Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқулов. – Навоий сўзларининг сеҳри, кучи, қудрати Адиблар хиёбонида ҳам барчамизни бирлаштириб турибди. Музейимизда навоийшунослар иштирокида мутафаккирнинг “Муншаот”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, туркиялик олимлар билан Истамбулда “Бадоэъ ул-бидоя” асарларининг танқидий матни, табдили, факсимил нашрлари чиқди.
Тадбир давомида филология фанлари номзоди Акромжон Деҳқонов, Эрон Ислом Республикаси Машҳад университети профессори Ғулом Ризо Размийнинг нутқи тингланди. Унда сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижодиёти, унинг ғазалларида тинчлик ва дўстлик ғояларининг тараннум этиши, Навоийнинг Эрондаги музей ва фондларда сақланаётган қўлёзмалари ҳамда ушбу мамлакат ҳудудидаги Навоий барпо эттирган меъморий обидалар ҳақида сўз борди.
Маърифий кечада Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шернинг Навоийга бағишланган шеърини, ёш таржимон Мадинабону Муҳаммадризаева шоир ғазалларидан ўзи қилган инглизча таржимасини ҳамда Тошкент давлат Шарқшунослик университетида таълим олаётган хорижлик талабалар шоир ғазалларидан чет тилларда ўқиб берди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова Навоий ғазалига басталанган қўшиқ ижро этди.
Кенг жамоатчилик иштирокида Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида шоир сиймосига эҳтиром кўрсатилди.
Тадбир сўнгида ИИВ Академияси курсантлари, Адабиётшунос профессор ўқитувчилар иштирокида ғазалхонлик давраси ташкил этилиб, шоирнинг ҳаёти ва ижодига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.
ИИВ Ахборот хизмати