Бухоро вилояти Когон туманида жиноятчиликка қарши манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
2025-05-22 11:45:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ислоҳотлар янги босқичга қадам қўйди. Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Когон туманида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Тадбир доирасида Ички ишлар бўлимида “Е-material” платформасининг фаолияти таҳлил қилинди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли топшириқлар берилди.
“Геофизика” маҳалласида жиноятчилик ҳолати ва профилактик тадбирлар таҳлил қилиниб, замонавий технологиялардан — дронлардан фойдаланиш амалиёти кўриб чиқилди. Шунингдек, “Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасидаги ишлар ўрганилди.
Йиғилишда март ойида ўтказилган инспекторлик текшируви натижалари, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ҳамда “Қорадори – 2025” профилактик тадбирлари таҳлил қилинди. Жиноятларнинг сабаблари ва омиллари аниқланиб, тизимдаги камчиликларни бартараф этишга доир чоралар белгиланди.
Натижалари паст бўлган масъулларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди, фаол ходимлар эса рағбатлантирилди. Хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кучайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида босқичма-босқич давом эттирилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









