Профилактика хизмати. Осойишталикни сақлаш – бурчимиз
2025-05-21 23:00:00 / Янгиликлар

Косонсой тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан йил бошидан буён жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлиги ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш борасида бир қатор тезкор-профилактик ҳамда огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилди.
Ходимлар «Хавфсиз ҳовли», «Назорат», «Турмуш», «Қорадори», «Қидирув» ва бошқа тадбирларда иштирок этиб, жиноятларнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга камайишига эришилди. Вояга етмаганлар, аёллар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Шунингдек, профилактика инспекторлари ташаббуси билан 2 та фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик, 1 та қиморхона ташкил этиш жиноятлари аниқланди, 1 та босқинчилик, 2 та ўғрилик жиноятининг «иссиқ изида» фош этилишига эришилди. Тергов ҳаракатларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахс ушланди.
Яхши кўрсаткичларга эришаётган профилактика инспекторлари — подполковник Шавкатжон Пранов, майор Аъзамжон Абдуразақов, катта лейтенант Миржалол Ваҳобжонов жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида маҳалла еттилиги билан биргаликда аҳоли ўртасида «хонадонбай» тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 3 февраль куни сcат тахминан 01:30 ларда туман ҳудудида тунги хизматга жалб этилган профилактика инспекторлари Д.Қодиров ҳамда Р.Аҳмадалиев томонидан «Косонсой — Тўрақўрғон» йўлида оқ рангли «Nexia-3» русумли давлат рақам белгиси бўлмаган автомашина тўхтатиб текширилганда, салонда 6 нафар шубҳали шахс борлиги аниқланди.
Ушбу шахсларнинг яшаш манзиллари суриштирилганда, улар Фарғона вилоятидан эканликлари, бу ерда яшовчи танишларининг қарзи борлиги, шуни олгани келганликларини айтишсада, бесаранжом ҳолатлари, олазарак боқаётган кўзлар ёлғонларини фош этиб турарди.
Автомашина кўздан кечирилганда, 2 дона телевизор, 5 дона қора рангли ниқоб, 6 жуфт резина қўлқоп, скотч ўрами ва хўжалик пичоғи борлиги аниқланди. Олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари давомида ушбу автомашинанинг давлат рақами ечиб олиниб, туман ҳудудида босқинчилик жинояти содир этиб, воқеа жойидан яширинаётган шахслар эканлиги маълум бўлади.
©️ “Postda” газетаси, Шерзод Ражабов, Косонсой тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, подполковник. Наманган вилояти.
