Пробация хизматидан. Қайта хато қилмаслик учун
2025-05-18 23:00:00 / Янгиликлар

Билиб-билмай жиноятга қўл уриб, жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларнинг жамиятда турли тўсиқларга учраши туфайли атрофдагиларга нисбатан ишончсизлик, яккаланиш каби ҳислар пайдо бўлиши мумкин. Бу, ўз навбатида, уларнинг қайта жиноят кўчасига кириш эҳтимолини юзага келтиради.
Ўтган йили Пискент тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи назоратида бўлган 138 нафар шахс пробация ҳисобидан чиқарилган. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 47 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва бартараф қилиш, соғлиғини тиклаш, касбга йўналтириш, ижтимоий дафтарларга киритилганларнинг бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, пробация ҳисобига олинган бир неча маҳкумларга «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакет»лари хулоса асосида ажратилиши белгиланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахслар тадбиркорлик, ҳунармандчилик, меъморчилик йўналишлари бўйича иш фаолиятини юритиб келмоқда. Назорат остидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш бўйича туманда ўтган йил мобайнида 12 маротаба «Ишга марҳамат» тадбирлари ташкил этилиб, 89 нафар шахснинг бандлиги таъминланишига эришилган.
Бундан ташқари, 16 маротаба сайёр суд ташкил этилиб, мажбуриятларини ўз вақтида бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 158 нафар фуқаро муддатидан олдин шартли равишда озод этилган. Аксинча, жазодан қасддан бўйин товлаган 29 нафар шахснинг ўталмай қолган муддати оғирроқ жазога алмаштирилган.
Жорий йил бошидан буён 56 нафар шахс ҳисобдан чиқарилиб, суд ҳукмини қўпол равишда бузгани учун 12 нафарининг жазо чораси оғирроғига алмаштирилди.
Ҳозирги кунда пробация ҳисобида турадиганларнинг умумий сони 351 нафарни ташкил этади. Йил бошидан буён бир неча бор меҳнат ярмаркаларини ташкил этдик, — дейди Пробация гуруҳи катта инспектори, майор Шерзод Мамадалиев.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, пробация назорати остидаги шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, уларнинг қайта жиноятга қўл уришининг олдини олиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бугун ҳар қачонгиданда муҳимдир!
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, Тошкент вилояти.
