“Маънавият ойлиги доирасида Наманган вилоятида ўтказилган маърифий тадбир — Янги Ўзбекистон тараққиётида ички ишлар органлари маънавий мезонларининг ўрни“
2025-04-19 11:30:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий мақсади янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни тараққий эттиришдан иборат. Ана шу ислоҳотлар жараёнида давлат,нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жамиятнинг барқарорлигини таъминлаш, ёшларни турли диний- экстремистик ғоялар таъсиридан асраш, кибержиноятчиликка қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Шунингдек, мамлакатимизда сўнгги қарийб тўққиз йил мобайнида маънавий маърифий ишларнинг ривожланиши, миллий ғоя ва мафкуранинг юксалиши ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050 сонли қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси ҳам айнан ана мақсадга қаратилган. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида республика миқёсида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб ички ишлар органларининг ходимларини ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, баркамол шахс сифатида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг 218-сонли 24 мартдаги фармойишига кўра, жорий йилининг 1 апрелдан 30 апрелига қадар ички ишлар органларида “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз!” шиори остида маънавият ойлиги ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига қарашли Наманган госпиталида 19 апрель куни ўтказилган маънавият дарси ҳам айнан ана шу мавзуга бағишланди. ИИВ Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг бош мутахассиси, Ўзбекистон ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Абдуғофур Хамидович Саттаров госпитал жамоасига “ Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари ходимларининг маънавий мезонлари” ҳақида маъруза қилди. Нотиқ мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланганини, бунинг самараси ўлароқ ўтган йиллар давомида барча соҳада бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, маънавият, ўқув-тарбиявий йўналишдаги ҳамда келажагимиз эгалари бўлган ёшлар сиёсати, ёшларни тарбиялаш борасидаги ишлар ҳам таҳсинга лойиқ эканлиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбир якунида ИИВ Таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан энг фаол тиббиёт ходимлари рағбатлантирилдилар.
ИИВ Таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси







