Республика ишчи гуруҳининг манзил-колонияларида қишлоқ хўжалиги фаолиятини ўрганиш якуни бўйича Жазони ижро этиш департаментида йиғилиш бўлиб ўтди
2023-12-26 23:50:00 / Янгиликлар

Республика ишчи гуруҳи томонидан манзил-колонияларининг қишлоқ хўжалиги фаолияти, мавжуд бино ва ерларнинг кадастр рўйхатидан ўтказилганлик ҳолати, ерлардан самарали фойдаланиш борасида ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганиш якуни бўйича Жазони ижро этиш департаментининг мажлислар залида республика ишчи гуруҳи раҳбари, ИИВ Ташкилий департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Н. Қаюмов ва ишчи гуруҳ аъзолари, департамент бошлиғи полковник Р. Турсунов, ЖИЭД соҳавий хизмат раҳбарлари, манзил-колонияси раҳбарлари ва уларнинг ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўринбосарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилишда, манзил-колонияларининг қишлоқ хўжалиги фаолиятида йўл қўйиб келинаётган тизимли муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, келгусида ер ва сувдан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиб экинларни ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш тизимига босқичма-босқич ўтиш, мавжуд сув насосларини электр энергия сарфи кам бўлган насосларга алмаштириш, сув йўқотишларини камайтириш мақсадида муассаса ҳудуди ҳамда дала ер майдонларидаги канал ва ариқларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бетонлаш, сув лотокларини таъмирлаш, тажрибали қишлоқ хўжалиги мутахассислари ва агрономларини манзил-колониясига ишга қабул қилиш бўйича муассаса бошлиқларига кўрсатма берилди.
Йиғилиш якунида, аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида қишлоқ хўжалиги тармоқларини кенгайтириш юзасидан берилган таклифлар бўйича “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олиниши белгиланди.



