Асосий контентга ўтиш

Ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш профилактик тадбирлари ташкил этилмоқда

2025-04-07 23:50:00 / Янгиликлар

Баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларга доимий ғамхўрлик қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсатнинг энг муҳим ва устувор йўналишларидан биридир.

Ўзбекистон ёшлари бугунги кунда нафақат республика, балки дунё миқёсида ўзининг ақл-заковати, шижоати, интеллектуал салоҳияти, келажакка интилувчанлиги билан эътибор қозонмоқда.

Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар камолотига қараётган доимий эътибори, айниқса, таълим ислоҳотларида яққол кўзга ташланмоқда.

Афсуски, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, сўнгги вақтларда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар салмоғи сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда.

Ёшлар орасида тан жароҳати етказиш ва безорилик жиноятларни содир этилиши – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланиб бормоқда.

Таҳлилларга кўра, 2024 йил 12 ой якунлари билан Тошкент шаҳрида жами 4 722 нафар ёшлар томонидан 5 582 та жиноят содир этилиб, ушбу кўрсаткич салмоғи бўйича умумий жиноятнинг 17 фоизини ташкил этмоқда.

Мазкур жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда:

– 27,7 фоизи енгил даромад топишга қизиқишдан;

– 15,4 фоизи моддий етишмовчиликдан;

– 13,4 фоизи ишсизликдан;

– 10,3 фоизи жамиятда ўзининг бошқалардан устунлигини кўрсатишидан;

– 9,2 фоизи тарбиявий ёки ахлоқан бузуқлигидан;

– 24,6 фоизи бошқа сабабларга кўра содир этилган.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга қаратилган махсус профилактик тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан 2025 йилнинг илк 2 ойи давомида ўтказилган «Тиғ» махсус профилактик тадбирлари давомида ўткир тиғли жисмларни ноқонуний олиб юрган 2 644 нафар фуқаролар аниқланган бўлиб, шулардан 85 фоизи айнан ёшларни ташкил этмоқда.

Тадбирлар жараёнида 1 996 нафар фуқароларга маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштириб жарима ва маъмурий қамоқ чоралар кўрилди.

Маълумот ўринда, ноқонуний равишда ўткир тиғли буюмларни олиб юриш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1852-моддасида “совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш” базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. (375 минг дан 1 млн 875 мингача)

Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, барчамиз Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлашимиз, шу азиз юрт, барчамиз учун муқаддас бўлган Ватан учун ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Ички ишлар органлари, таълим муассасалари, ота-оналар ва давлат ташкилотлари биргаликда ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш, ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, умуман олганда, ёшлар ўртасида тан жароҳати етказиш ва безорилик жиноятчиликнинг олдини олиш учун қонунчиликни тушунтириш ва ахлоқий қоидаларни тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Атрофдаги воқеа-ҳодисаларга теран тафаккур ва вазминлик билан муносабатда бўлиш, уларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қила олиш кундалик вазифамизга айланиши керак.

Ёшлар Янги Ўзбекистонда яшаётган миллионлаб тенгдошларини соғлом ва эркин фикрлаш, янгидан-янги ташаббуслар билан чиқиш, маънавий-маърифий, маданий, ижтимоий-ҳуқуқий, ҳарбий ватанпарварлик, спорт-соғломлаштириш каби соҳаларда ижодий фаол бўлишга, шунингдек, бу борада энг мақбул лойиҳаларни ишлаб чиқиб ҳаётга татбиқ этишга даъват қилмоғи лозим.

Завқиддин ХЎЖАНОВ, 

ИИВ Академияси ташкилий стратегик бошқарув магистратура йўналиши тингловчиси, подполковник

72

Охирги янгиланиш: 2025-04-08 17:25:24

Ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш профилактик тадбирлари ташкил этилмоқда