ИИВ Марказий аппарати ходимлари учун Наврўз туҳфаси: Арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилди
2025-03-21 12:45:00 / Янгиликлар

Баҳорий янгиланиш ва саховат тимсоли бўлган Наврўз байрами арафасида Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун махсус ярмарка ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади ходимларни байрам олдидан сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, уларнинг байрам шукуҳини янада оширишдан иборат бўлди.
Ярмаркада турли озиқ-овқат маҳсулотлари, қандолатчилик буюмлари, мева-сабзавотлар ҳамда маиший товарлар арзон нархларда тақдим этилди.
ИИВ марказий аппарати ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ушбу ярмаркада фаол иштирок этиб, керакли маҳсулотларни қулай нархларда харид қилишди. Байрам олдидан бундай тадбирнинг ўтказилиши ходимлар кайфиятини кўтариб, Наврўз байрамига бўлган тайёргарликни янада мароқли ва мазмунли ўтказишга хизмат қилди.
– Ярмарка жуда қулай ташкил этилибди. Маҳсулотлар нафақат сифатли, балки анча арзон экан. Яқинлашиб келаётган Наврўз байрамини оиламиз билан кўтаринки кайфиятда кутиб олишимиз учун яхши имконият яратилди, – дейди ярмарка иштирокчиларидан бири, Ички ишлар вазирлиги ходими.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар ходимларнинг ижтимоий фаровонлигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва Наврўз байрамининг меҳр-оқибат, саховат руҳини янада кенг ёйиш мақсадида мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
Мазкур ярмарка ҳам Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган фидойи инсонларнинг байрам олдидан янада кўтаринки руҳда бўлишига хизмат қилди.



