Рақамлаштириш самараси. «Машъал»даги ибратли ишлар
2025-03-18 13:45:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда рақамли технологиялар кириб бормаган соҳа ва тармоқ деярли қолмади. Айниқса, ички ишлар органлари тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчиллик билан жорий этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилояти ички ишлар органларида ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиш зарур.
Мисол учун, ўтган йилда «Рақамли хавфсиз маҳалла» концепцияси доирасида вилоятдаги барча объектларни, маҳаллаларни рақамлаштириш бўйича иш бошланиб, бугунгача 46 минг 895 та видеокузатув камераси ўрнатилди, 1063 та маҳалланинг 5614 та кириш ва чиқиш жойлари тўлиқ рақамлаштирилди. Барча шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари қошида вазиятни назорат қилувчи ситуацион марказлар фаолияти йўлга қўйилди.
Рақамлаштириш ва аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги ибратли ишларни Фарғона шаҳридаги «Машъал» маҳалласи мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 8 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган, шаҳарнинг энг гавжум нуқталаридан бири саналадиган ушбу маҳалладаги асосий 6 та кўча тўлиқ кузатув камералари билан назоратга олинган. Бунинг натижасида маҳаллага ким келиб, ким кетяпти, қандай бегона одам ёки транспорт воситаси юрибди, қаерда одамлар кўп тўпланяпти, тортишув ёки жанжал бўляпти ҳамма-ҳаммасини билиб олиш ва тезкор чора кўриш мумкин. Шу боис маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар салмоғи ҳам сезиларли даражада камайишига эришилди.
-Бир йил аввал ушбу маҳаллага профилактика инспектори бўлиб тайинланганимда жиноятчилик салмоғи анча юқори эди, -дейди профилактика инспектори, майор Зоҳиджон Саттаров. -Маҳалла еттилиги билан ўзаро ҳамжиҳатликда рақамлаштириш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига катта эътибор бердик. Бу жараёнга фуқаролар ва хусусий тадбиркорларни тарғиб қилишимиз натижасида ҳозиргача жами 600 тага яқин кузатув камералари ўрнатилди. Улардан 32 таси бевосита маҳалла фуқаролар йиғини биносидаги мониторга интеграция қилинган. Натижада жиноятчилик салмоғи камайиб, маҳалламиз «қизил»дан «сариқ» тоифага ўтди. Жорий йилнинг биринчи ярмида «яшил» тоифага ўтказишни мақсад қилганмиз.
-«Машъал» маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаганимда 176 та тадбиркорлик субъекти мавжуд эди, -дейди ҳоким ёрдамчиси Арофатхон Махсудова. Бугунги кунга келиб, бу кўрсаткични 600 тага етказдик. Тадбиркорлар сони кун сайин кўпайиши натижасида маҳалламиз ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди.
«Машъал»даги ибратли лардан яна бири шуки, маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан самарали фойдаланиш мақсадида микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперацияси фаолияти йўлга қўйилган.
Хусусан, фуқаро Тоҳиржон Абдусаматов имтиёзли кредит асосида дастлаб 60 квадрат метр ер майдонида ана шундай ўсимликларни парваришлашни бошлаган бўлса, бугунга келиб ер майдони 1200 квадрат метрга етди. Маҳалладаги 25 нафар фуқаро эса шу ерда доимий иш билан банд.
-Дастлаб фаолиятимни бошлаш учун жой ва маблағ йўқ эди, -дейди тадбиркор. -Айнан маҳалла еттилигининг маслаҳатлари, амалий кўмаги билан тадбиркорликни бошладим ва янги лойиҳаларимни амалга оширяпман. Ҳозирда микроорганик ўсимликлардан ташқари, яна 4 та ертўла қисмларида заъфарон гуллари ва қўзиқорин етиштириб, қадоқлаш плантациясини йўлга қўйдим. Олинган кредит маблағлари эвазига ушбу маҳсулотларни саноат йўналишида қадоқлаш учун қуритиш ускуналарини сотиб олдик.
«Аёллар дафтари»га киритилган Ҳакимахон Тўхтабоева ўтган йили маҳалла еттилигининг таклифи билан мономарказда касб-ҳунарга ўқиб, бугун яхшигина тадбиркорга айланди. «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури бўйича унга 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилганидан сўнг маҳаллада яшовчи 20 нафардан зиёд аёлларга янги иш ўрни яратиб, тикувчилик цехи очди.
Бугун «Машъал» маҳалласига борган кишининг баҳри дили очилади. Кўп қаватли уйлар оралиғидаги бўш турган ер майдонида «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида «Ёшлар экобоғи» ташкил этилган. Маҳалла нуронийлари ва ёшлар томонидан бу ерга 5000 туп мевали ва манзарали дарахт, шунингдек, гул кўчатлари экилган бўлиб, айни баҳор кунлари ҳудуд яшилликка бурканмоқда.
Маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланишларини таъминлаш мақсадида Workout майдончалари ҳамда болалар ўйингоҳлари ташкил қилинган. Профилактика инспектори ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда ҳудуддаги таълим масканларига тез-тез кириб учрашувлар ўтказаётгани, профилактик тадбирлар тўғри ташкил қилингани боис вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар салмоғи ҳам камайишига эришилди. Жорий йилнинг ўтган даврида бундай салбий ҳолат қайд этилгани йўқ.
Маълумот учун, маҳалла профилактика инспектори, майор Зоҳиджон Саттаров Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилиб ўсган. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2011 йилда бошлаган соҳа фидойиси ҳозирги кунда «Машъал» маҳалласидаги хизмат уйида оиласи билан бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
