Профилактика хизмати. Катта масъулият
2023-12-06 17:00:00 / Янгиликлар

Бўлимнинг вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи томонидан жорий ўқув йилининг шу даврига қадар ҳамкор ташкилотлар билан мактаблар ва маҳаллаларда ўқувчи-ёшлар иштирокида 20 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, профилактик ҳисобда турган вояга етмаганларнинг 50 нафари спорт ва фан тўгаракларига жалб қилинди.
Ёшлар иштирокида содир этилган қонунбузарликларнинг моҳияти ўрганилиб, таҳлил қилиб бориляпти, — дейди Чиноз тумани ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи инспектор-психологи, майор Нурлан Токманбетов. — Ўқув йили бошидан ҳозиргача ҳудуддаги 46 та умумтаълим ва 2 та касб-ҳунар мактабида 84-марта “Давомат”, “Тиғ” тадбирлари ўтказилди.
Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича вояга етмаганларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган тадбирларда болалар тунги вақтларда компьютер ўйинхоналари ва кўнгилочар манзилларда назоратсиз бўлишига имконият яратиб берган муассасалар мутасаддиларига нисбатан чоралар кўрилди.
Ҳудудда аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан оилавий-маиший зўравонлик қилинишининг олдини олиш, хотин-қизлар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан амалга оширилган манзилли ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 78 та ажрим ёқасидаги оила сақлаб қолинди. Тазйиққа учраган 500 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.
Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган, пробация бўлими рўйхатида турган ва илгари судланган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 12 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.
Шу билан бирга, ҳудуд профилактика инспекторларининг маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда олиб борган амалий ишлари натижасида тумандаги 14 та маҳаллада жиноятчилик сони тубдан камайиб, айримларида умуман содир этилмади.
“Postda” газетаси, Михли Сафаров, Тошкент вилояти.
