audio

    16+
    Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

    Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилиш, Амирликлар томонидан сўнгги йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар билан танишиш мақсадида мазкур мамлакатга ташриф буюрди.

    Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ўзаро амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилдилар ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаб олдилар.

    Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди.

    Мазкур Англашув меморандумининг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўладилар.

    Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.

    Ҳужжат 2024-йилнинг 27-январь кунидан кучга кириши белгиланган.

    Шунингдек, Вазирлик делегацияси БАА Ички ишлар вазирлигининг Инновациялар лабораторияси, Бахт — саодат департаменти, Амалиётлар бош маркази, Стратегия ва келажак департаменти, Дубай полициясининг Е-жиноят платформаси бошқарув маркази, Жамоат полицияси, Криминалистика ва криминология бош департаменти, “Жанг хонаси” – лойиҳаларни бошқариш маркази ҳамда Ҳедая халқаро марказларининг фаолияти билан яқиндан танишди.

    ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси

    • view_icon 652
    : 2023-12-03 08:29:43