Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди
2025-02-15 09:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ички ишлар вазирининг 47-сон Фармойишига асосан “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди.
Вилоят ҳудудида олиб борилган фаол тадбирлар доирасида 86 та жиноий 853 та маъмурий жами 939 та ҳолатлар аниқланди. 98 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 889 нафар шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. 49 та жиноятлар фош этилиб, 31 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. 1 167 нафар шахслар расмий огоҳлантирилди.
Қўлга олинган жиноий гуруҳ ва шахслардан 3 кг 376 гр гиёҳвандлик воситалари, 2 331 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 17 та ноқонуний қурол, 344 дона тиғли буюмлар олиниб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Олиб борилган тадбирлар давомида Риштон туманида яшовчи 1995 йилда туғилган шахс қўлга олинди.
У эркаклар кийим дўконига кириб, сотиб олмоқчи бўлган маҳсулотларини насияга беришни талаб қилган. Сотувчи бунга кўнмагач, уни шаъни ва қадр қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, қўл-оёқлари билан уриб дўппослаган.
Натижада дўкон сотувчиси жароҳатланган. Ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилди.
Фарғона туманида ўтказилган “назорат остида олиш” тадбири давомида эса махсус харидорга 2.300 АҚШ доллари эвазига 500 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс қўлга олинди.
Унинг яшаш хонадонида кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келинаётган гиёҳвандлик моддаси олиниб, кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра, соф оғирлиги 1 кг 470 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди.
Олтиариқ туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида, ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатига чек қўйилди. “Қўрғонча” маҳалласи ҳудудида жойлашган боғдорчилик фермер хўжалиги тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ҳолда давлатга 1.897.533.734 сўм миқдорда зарар етказганлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ер ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан Учкўприк туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1968 йилда туғилган шахс қўлга олинди.
У “Кенагас“ маҳалласи ҳудудида жойлашган 90 сотих қисми нотурар ва 1 гектар 60 сотихи давлат захирасида бўлган жами 2,5 гектар ер майдонини 650.000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100.000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.