Ўзбекистон Республикаси ДХХ ҳамда ИИВ тузилмалари томонидан жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари мамлакатимиз миқёсида “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирлар ўтказилди
2025-02-09 11:40:00 / Янгиликлар
![Ўзбекистон Республикаси ДХХ ҳамда ИИВ тузилмалари томонидан жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари мамлакатимиз миқёсида “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирлар ўтказилди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F6ab6d1a0-5e53-91d5-e6ad-de98486dd8e7_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
7 февраль куни ўтказилган “Ориат” кенг кўламли, тезкор-профилактик тадбирлари давомида ахлоқ ва соғлиққа қарши қаратилган жиноятларни аниқлаш, ОИВ (ОИТС) ва бошқа турдаги юқумли, тери-таносил касалликларини тарқалишини олдини олиш мақсадида сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа жамоат жойларида ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилди.
Тадбир доирасида 340 та объектлар текширилиб, аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган 2.957 нафар шахслар билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва мобил тарзда шифокор кўригидан ўтказилиб, тегишли тиббий хулосалар олинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича қўзғатилган 93 та жиноят ишлари доирасида 94 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилди. 153 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1.920 нафар шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди ҳамда уларнинг 766 нафари расмий огоҳлантирилди.
“Қорадори” кенг кўламли тадбирларининг иккинчи босқичида жами 640 та махсус тезкор тадбирлар доирасида 1.401 нафар гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш, сақлаш, истеъмол қилишда гумон қилинган шахслар билан тезкор ва профилактик огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида жами 28 кг. 857 гр. гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ҳамда 9.421 дона кучли таъсир қилувчи ва психотроп дори воситаларининг аҳоли орасида тарқатилиши тўхтатиб қолинди. 18 та ноқонуний ўқ отар қуроли ва 126 дона совуқ қуроллар аниқланди.
Шунингдек, 339 нафар шахсларга нисбатан 269 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 119 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 53 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. 656 нафар шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 234 нафари расмий огоҳлантирилди.
Телеграм ижтимоий тармоғида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманида 1 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси “закладка” усулида кўмилгани тўғрисида тезкор маълумот олинди.
Маълумот асосида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 1986 ва 2002 йилда туғилган, икки нафар шахс гиёҳвандлик воситасини кўмилган жойдан олаётган вақтида ушланди. Улардан бири яшаб келаётган Миробод туманидаги уйнинг турли жойларидан “закладка” усулида тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган жами 200 гр. синтетик гиёҳвандлик воситаси, электрон тарози, изоляцион лента ва зип-пакетлар борлиги аниқланиб, ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинди.
Одам савдосига қарши курашиш йўналиши ўтказилган тезкор тадбирда 1986 йилда туғилган Тошкент шаҳрида вақтинча яшаб келаётган Туркия фуқароси ва икки нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қўлга олинди. Ушбу шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, шаҳвоний эксплуатация қилиш мақсадида икки нафар аёлни Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт орқали Истанбул шаҳрига жўнатаётган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Пойтахт ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 1980 йилда туғилган, шахс Учтепа туманида 1987 йилда туғилган фуқарога таҳдид қилиб, юз соҳасига бир неча маротаба урганлиги ва нархи 280 АҚШ доллари бўлган қўл телефони ҳамда 460 минг сўм пулларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинганлиги аниқланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ушбу шахснинг таниши яшаш манзилида “Макаров” пистолетини сақлаб келаётганлигини ҳақида тезкор маълумот олинди. 6 февраль куни, 1978 йилда туғилган шахс ушланиб, унинг Учтепа туманидаги уйида ўтказилган кечиктириб бўлмас тинтув давомида, бир дона 1980 йилда ишлаб чиқарилган “Макаров“ пистолети, 2 дона ўқдон ва жами 15 та жанговар патронларини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.