“Ижтимоий ҳимоя: муҳтож болаларга кўмак кўрсатиш ва оилавий болалар уйларини ташкил этиш йўналишидаги устувор вазифалар“
2025-01-17 17:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2024 йил 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Унда Давлат раҳбари Қуролли Кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар томонидан Миллий гвардия тажрибаси асосида 500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тизим ходимларига бириктирган ҳолда уларни Оилавий болалар уйларига жойлаштириш, шунингдек тизимдаги ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга жалб этиш вазифаларини белгилаб берди.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирлигининг барча ҳудудий ва таркибий бўлинмаларига Вазирлик раҳбариятининг тегишли кўрсатмаси юборилиб, шахсий таркиб ўртасида Оилавий болалар уйларини очиш истагида бўлган ходимларни аниқлаш, бу борада тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини амалга оширилиш вазифаси белгилаб берилди.
Шунингдек, мазкур масала юзасидан Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти раҳбарияти томонидан Давлат раҳбарининг топшириғи ижросини республика миқёсида тўлақонли ва сифатли амалга ошириш мақсадида, видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими Дилноза Усанова мутахассис сифатида таклиф этилиб, ички ишлар органлари шахсий таркибига Оилавий болалар уйини ташкил этиш тартиби, ўзига хос жиҳатлари, ҳужжатларни расмийлаштириш ва масъулларни ўқитиш каби масалалар бўйича тушунтириш берилди.
Йиғилиш якунида очиқ мулоқот ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар билан боғлиқ масалалар, жумладан шахсий мурожаатлар, саволлар, таклиф ва ташаббуслар борасида ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида маълумотлар берилди.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти


