ИИВ Тезкор-қидирув департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди
2024-12-19 10:50:00 / Янгиликлар
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва ДХХ томонидан Тошкент шаҳрида ўзини шубҳали тутган ҳайдовчи кузатувга олинди.
У бошқарувидаги “Дамас” автомашинаси Тошкент вилояти Паркент туманида тўхтатиб текширилганда духовка ичидан тахминий нархи 2 млрд 800 млн сўмга тенг бўлган 2 кг 160 гр синтетик гиёҳвандлик воситасини борлиги аниқланди. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ноқонуний муомаладан 10800 маротабалик синтетик гиёҳвандлик моддаларининг тарқалишини олди олинди.
ИИВ Тезкор қидирув департаменти, ДХХ ва Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан Чилонзор туманида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Унда уч нафар шахслар “Ласетти” автомашинасида келиб, “махсус харидор”ларга 3 кг гашиш гиёҳвандлик воситасини “закладка” усулида яширилган жойдан олиб берган вақтида ушланди. Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ушланган 7 нафар шахсдан 3 кг гашиш гиёҳвандлик воситаси олинди.
Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса 1965 й.т. шахс “махсус харидор”га 5000 АҚШ долларига 1 кг гашиш гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ушланган бўлса, 2000 й.т. шахс Чилонзор туманида махсус харидорга 200 гр “Гашиш” гиёҳвандлик воситасини 3000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти