Криминология тадқиқот институтида “Криминология соҳасида – янги форматдаги конструктив мулоқот, билим алмашиш ва самарали тавсиялар” мавзусида учрашув ташкил этилди
2024-12-04 19:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Криминология тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикаси Криминология кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисга юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, полковник Б.Э.Бердиалиев раислик қилди.
Кенгашда криминология соҳасига яқин бўлган ўттиздан ортиқ давлат органлари, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Мажлисда бугунги кунда жамият учун муҳим бўлган жиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқ тартиботини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатимиз олдида турган мураккаб вазифалар, долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ушбу соҳасини ривожлантириш бўйича зарур бўлган йўналишлар белгилаб олинди ҳамда тажриба алмашилди.
Хусусан, Кенгаш иштирокчилари томонидан жамиятда тобора намоён бўлаётган жиноятчиликнинг янгидан-янги турлари, кибержиноятчилик, трансмиллий жиноятлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ва ёшлар томонидан истеъмол қилинишининг ортиб бораётганлиги, одам савдосининг ўзига хос кўринишлари, идоралараро ҳамкорлик, тажриба алмашиш, содир бўлаётган ҳодисаларни илмий асосда ўрганиш, таҳлил ва прогноз қилиш вазифаларни самарали ҳал этишни ишлаб чиқиш алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Эндиликда жиноятчиликни келтириб чиқарувчи тенденциялар ва омилларни олдини олиш ҳамда бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган барча илмий-амалий, фундаментал тадқиқот лойиҳалар, диссертациялар ҳамда улардаги амалиётга татбиқ этиш учун асослантирилган таклифлар ушбу Кенгашда муҳокама қилиниб, тизимли равишда ҳукуматга киритиладиган бўлди.
Ушбу учрашувнинг ташкил этилиши республикада криминологик тадқиқотлар ривожида янги босқични бошлаб берди. Мазкур учрашувнинг фаолияти жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилашга ёрдам берувчи аниқ тавсиялар ишлаб чиқилишига олиб келиши кутилмоқда.


