Мардлар мангу яшайди. Отам билан фахрланаман
2024-12-02 17:25:00 / Янгиликлар
Капитан Санжарбек Маҳмудов Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси тезкор вакили лавозимида хизмат қилган. 2005 йил 13 май куни эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш йўлида террорчилар билан тўқнашувда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У вафотидан кейин «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Қаҳрамоннинг оиласида унинг хотираси чексиз эҳтиром билан эъзозланади. Шу боис ўғли Асадбек касб танлаш борасида отасининг изидан боришга қарор қилган. ИИВ Андижон академик лицейини тамомлаб, вазирлик Академиясига ўқишга кирди. Бу йил Андижон шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида хизмат фаолиятини бошлаган ёш ходимга айни пайтда катта терговчи, майор Фаррух Сиддиқов мураббийлик қилмоқда.
- Моҳир терговчи бўлиш учун масъулиятли, тиришқоқ, меҳнатсевар бўлиш ва албатта, одамлар психологиясини тушуниш зарурлигини англадим, — дейди лейтенант Асадбек Ҳамзаев. -Устозим ва бошқа тажрибали хизматдошларимдан кўп нарсаларни ўрганяпман. Амаким — истеъфодаги подполковник Сарварбек Маҳмудов ҳам ўз маслаҳатларини сира аямайди. Бор куч-ғайратимни, билимларимни сафарбар этиб, отам сингари жасур, касбига содиқ ходим бўлишни ният қилганман. Ўз ўрнида, эл-юрт тинчлиги учун жонини фидо қилган падари бузрукворим билан фахрланаман.
Асадбекнинг таъкидлашича, падари бузруквори фарзандлари унинг ишини давом эттиришини жуда-жуда хоҳлаган. Шунинг учун бўлса керак, Асадбек ва акаси Шоҳжаҳон бугун ички ишлар органларида фаолият кўрсатяпти. Чунончи, Шоҳжаҳон Ҳамзаев вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси, унвони -катта лейтенант.
Ички ишлар органи ходими бўлиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Ота касбини давом эттириш эса, киши зиммасига икки карра масъулият юклайди. Катта йўлга отланган ёш ходим, лейтенант Асадбек Ҳамзаев улуғвор мақсадига эришишига ишончимиз комил.