«Суд экспертизаси турлари ва сунъий интеллектни қўллаш» бўйича ўқув курслари бошланди
2024-11-27 10:05:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Корея миллий полиция агентлиги ва Кюнгбук миллий университети ходимлари томонидан «Суд экспертизаси турлари ва сунъий интеллектни қўллаш» мавзуси бўйича қисқа муддатли ўқув курслари бошланди.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилояти Эксперт-криминалистика хизмати ходимлари, Малака ошириш институти ва Академия профессор-ўқитувчилари офлайн, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ички ишлар органлари ходимлари эса онлайн иштирок этмоқда.
Ўқув курсини Институт бошлиғи, полковник Олимжон Ахмедов очиб бериб, кейинги йилларда Ўзбекистон – Корея муносабатлари изчил ривожланиб, бу икки томон учун ўзаро ҳамкорлик соҳаларини тараққий этишига хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Мазкур ўқув курслари ходимларга суд экспертлик фаолиятининг замонавий имкониятлари ва криминалистик кўздан кечиришнинг илғор ечимлари бўйича услубиётларни амалий ўрганишга ҳамда профессор-ўқитувчиларга ўқитишнинг замонавий шакл ва усуллари, сунъий интеллект ва инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари бўйича билим ва кўникмага эга бўлишларига хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати