Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг одам савдосига қарши курашиш борасидаги малакаси оширилмоқда
2024-11-21 13:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC) Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари учун тўрт серияли: “Одам савдоси бўйича жиноий жавобгарликка тортиш ва судловни амалга ошириш асосларини қўллаш, глобал ва минтақавий тенденциялар“га бағишланган семинарларнинг навбатдаги босқичи Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг одам савдосига қарши курашишга масъул раҳбар ҳамда ходимлари иштирок этмоқда.
2024 йил 18-19 ноябрь кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирда мутахассисларни одам савдосига қарши курашиш борасидаги халқаро нормалар, ривожланган давлатлар тажрибаси билан таништирилди.
Шу билан бирга халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, молиявий терговни амалга ошириш давомида халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти тушунтирилди.
Иштирокчилар юритувларида бўлган ҳужжатлар бўйича текширув ўтказишда Полиция бўйича халқаро ташкилот (INTERPOL) билан ҳамда фуқаролик жамиятининг фаол вакилларидан бири бўлган Республика “Истиқболли-авлод” ижтимоий-ахборот маркази билан ҳамкорликда олинган кўпгина фойдали маълумотлар ҳақида ҳамда ушбу ҳамкорликни ривожлантиришнинг аҳамияти борасида сўзлашди.
Таклиф этилган халқаро ва миллий экспертлар томонидан соҳага оид янгиликларни, жумладан одам савдосини олдини олиш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, жиноят учун жавобгарлик принципи муқаррарлигини таъминлаш, ҳамкорликни ривожлантиришнинг ўзига хос жиҳатлари етказилди.
Тренингда бир қатор масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган бўлиб, унинг якуни бўйича соҳадаги фаолиятни янада ижобий натижалар қайд этилиши кутилмоқда.
ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати