Асосий контентга ўтиш

Касб фидойиси. Миржалолдан эл миннатдор

2024-11-12 20:00:00 / Янгиликлар

Бувайда тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ижтимоий профилактика гуруҳи катта инспектори, капитан Миржалол Норматов маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат иш олиб бориб, элнинг дуоси ва олқишига сазовор бўлиб келмоқда.

3-сектор таркибида 14 та маҳалла мавжуд бўлиб, 56 минг 590 нафар аҳоли истиқомат қилади -дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Ҳудуд аҳолиси орасида ишсизликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратяпмиз.

Бу борада Президентимиз томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Наманган вилоятининг Уйчи, Бухоро вилоятининг Ғиждувон ҳамда Жиззах вилоятининг Зарбдор туманлари тажрибалари амалиётга жорий этилмоқда.

«Камбағалликдан — фаровонлик сари» дастури доирасида сектор ҳудудидаги 84 та оилани камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Катта инспекторнинг қайд этишича, 3-сектор ҳудудидаги «Пишағар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Зуҳрахон Отақўзиеванинг бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия асосида «Мотокултиватор» ускунаси олиб берилди.

Шунингдек, мазкур оилани камбағалликдан чиқариш мақсадида сектор раҳбари ташаббуси билан 2 бош қўй берилиб, деҳқончилик қилишлари учун 15 сотих ер ажратилди.

Натижада оила ўзининг даромад манбаига эга бўлди. Куз-қиш мавсумида ҳам сектор раҳбари ташаббуси билан қатор хайрли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш ўринли.

Масалан, яқин кунларда 310 та кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 та эҳтиёжманд оилага бепул кўмир тарқатилди. 6 нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачалари тақдим этилди.

«Хонобод» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида жойлашган 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида эса тўлиқ қайта таъмирлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилиб, 620 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси ҳамда спорт зали қурилди. Янги ўқув йили олдидан мазкур иншоотлар фойдаланишга топширилди.

Лавҳамиз қаҳрамони зиммасидаги вазифаларни бекаму кўст уддалаб, ҳамкор ташкилотлар ва ҳокимлик вакилларининг ҳам эътиборига сазовор бўляпти.

Энг катта мукофот бу элнинг дуоси, — дейди М.Норматов. — Сектор томонидан амалий ёрдам берганимизда миннатдор бўлган фуқароларимиз, айниқса, нуронийлар дуога қўл очиб, эзгу тилаклар билдиришади.

Шундай паллада чарчоқларим ариб, танлаган касбимдан фахрланиб кетаман.

Маълумот учун айтиш жоиз, лавҳамиз қаҳрамони 1992 йилда Бувайда туманида туғилган. 2014-2018 йилларда ИИВ Академиясида таҳсил олган. Оилали. Турмуш ўртоғи билан аҳилликда 2 нафар фарзандни камолга етказмоқда.

©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.

94

Охирги янгиланиш: 2024-11-12 11:16:50

Касб фидойиси. Миржалолдан эл миннатдор