Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати математика фани ўқитувчиси Республика миқёсидаги анъанавий “Қори Ниёзий олимпиадаси”нинг якуний босқичида ғолиб бўлди
2024-10-31 12:25:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда илм-фан, хусусан, математика ривожига жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти: “Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган инсон ақлли, кенг тафаккурли бўлиб етишади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади”, — деб таъкидлаган эдилар. Дарҳақиқат, математика фанининг тамал тошини Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби улуғ боболаримиз қўйган. Шундай экан, уларга муносиб ворис бўлиш ҳар биримиз учун ҳам бурч, ҳам ифтихордир.
2024 йил 27 октябрь куни “Академик Қори Ниёзий мероси” илмий-методик маркази, Математика институти ҳамда Аниқ ва Ижтимоий фанлар университети ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган умумтаълим мактаблари ва лицейлари математика фани ўқитувчилари учун мукофот жамғармаси 20 миллион сўм бўлган Республика миқёсидаги анъанавий “Қори Ниёзий олимпиадаси”нинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Биринчи босқичда 56 ва ундан юқори балл тўплаган 109 та педагог ходимлар кейинги босқичга таклиф қилинган эди. Якуний босқичда 30 нафар педагоглар ўз билимларини синаб кўришди. Синов натижаларига кўра 5 нафар педагоглар ғолиб деб топилди.
1-ўрин: (5 000 000 сўм) Жумаев Зафар Отамуродович – Навоий вил., Хатирчи туман ихтисослаштирилган мактаби;
1-ўрин: (5 000 000 сўм) Норбоев Жаҳонгир Жўрабек ўғли – Тошкент ш., ЎзР ИИВнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернати;
2-ўрин: (4 000 000 сўм) Жўраев Ахмед Акмал ўғли – Навоий вил., Конимех туман ихтисослаштирилган мактаби;
3-ўрин: (3 000 000 сўм) Қурбонов Сардор Шоназар ўғли – Самарқанд вил., Нарпай т., 16-умумий ўрта таълим мактаби;
3-ўрин: (3 000 000 сўм) Авезов Беҳруз Азимзода – Бухоро вилояти, Бухоро ш. 35-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби.
Ушбу ғолиблар орасида Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати математика фани ўқитувчиси Норбоев Жаҳонгир Жўрабек ўғлининг ҳам борлиги қувонарли ҳол, албатта. Илм аҳлига бўлган эътибор ва эътироф уларни рағбатлантиради, ўз соҳасида фидойилик билан ишлашга ундайди. Албатта, бу каби муваффақиятлар математика фанини янада юксакларга кўтариш, илмфанни ривожлантириш, ёш авлодни тарбиялашда янада чуқур масъулият юклайди. Илм даргоҳимизга фақат ғалабалар ярашади. Ютуқлар бардавом бўлсин! Барча ғолиб устозларни табриклаймиз.
ИИВнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернати




