Хитой Халқ Республикасининг Чженчжоу полиция университети делегацияси ИИВ Академиясида: ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
2026-11-25 11:00:00 / Янгиликлар

Шу кунларда Чженчжоу полиция университети вице-президенти Ли Гуани бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бугун хитойлик меҳмонлар Ички ишлар вазирлиги Академиясига ташриф буюриб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув олдидан университет вакиллари таълим жараёнлари, бакалавриат ва магистратура босқичида йўлга қўйилган инновацион ёндашувлар, таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ли Гуани академия фаолиятидаги янгиланишларни кўздан кечириб, дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ёшларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасида самарали тизим яратилганини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг таълим муассасалари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтиб, унда томонларни қизиқтирган муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ли Гуани самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва илмий-маънавий меросига алоҳида ҳурмат билан қарашини эътироф этди. “Мен замонавий Ўзбекистоннинг жадал суръатларда равнақ топаётганидан асло таажжубланмайман. Чунки бу заминда жаҳон илм-фани, маданиятига катта таъсир кўрсатган буюк шахслар етишиб чиққан. Бугун мамлакатингиз ўз тарихий илдизидан илҳом олиб, тараққиётнинг янги босқичга қадам қўймоқда”, - деди у.
Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида стратегик ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Томонлар ҳамкорлик меморандум асосида тажриба алмашинувини кенгайтириш, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, “Смарт полиция” тизими бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, машғулотларга малакали мутахассисларни жалб қилиш, таълимни рақамлаштириш каби йўналишларни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Делегация аъзоларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати






