Маърифий тадбир. Қалбларга меҳр улашиб
2026-11-25 23:30:00 / Янгиликлар

Халқимизда «Қариси бор уйнинг париси бор» деган ҳикматли нақл бежиз айтилмаган. Зеро, нуронийлар ҳаёт синовларида тобланган, бой тажрибага эга, ёш авлодга тўғри йўл кўрсатувчи, эзгулик ва маърифат тарғиботчиларидир.
Улар иштирокидаги маърифий тадбирлардан бири ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Иккинчи минтақавий ҳудуд 6-сон тергов ҳибсхонасида ташкил этилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси, «Нуроний» жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов ҳамда жамғарма вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида нуронийлар ҳибсхонада сақланаётган шахслар ва маҳкумлар билан очиқ, самимий мулоқот қилдилар, ўзларининг кўп йиллик ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган умр йўллари ва турмуш синовларидан чиқарган сабоқлари билан ўртоқлашдилар.
Инсон ҳаётида ҳар бир хатодан тўғри хулоса чиқариши, вақтнинг қадрига етиши, оила ва фарзандлар олдидаги масъулиятни ҳис этиши, ҳалол меҳнат қилиши лозимлиги хусусида сўз юритилди.
Бундай мулоқотлар ҳаётда қийинчиликларга дуч келган инсонларнинг ички кечинмалари ва келажак ҳақидаги тасаввурларига ижобий таъсир кўрсатади.
Айниқса, ўзининг бой тажрибасига таянган нуронийларнинг самимий сўзлари ва пурмаъно ўгитлари тарбиявий таъсирчанлиги билан аҳамиятлидир.
© «Postda» газетаси, Носиржон Латипов, подполковник.
