ИИВ раҳбарияти томонидан Жиззах вилояти Янгиобод ва Зомин тумани ички ишлар бўлими хизмат фаолияти ҳамда «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги доирасида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти ўрганилди
2026-11-25 10:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич томонидан Жиззах вилоятининг Янгиобод ва Зомин туманлари ички ишлар бўлимларида хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида туман ички ишлар бўлимларининг кундалик хизмат фаолияти, шахсий таркибнинг хизмат интизоми, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг осойишта ҳаётини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги доирасида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти ҳам кўздан кечирилди.
Унда масъул ходимларнинг белгиланган вазифалар ижроси, жойлардаги вазиятни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш борасидаги ишлари кўриб чиқилди.
Ўрганиш давомида масъул раҳбар ва ходимларга хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳар бир ҳудудда криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш ҳамда тезкор штаб фаолиятини тизимли йўлга қўйиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя этиш, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш зарурлиги таъкидланди.
Белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, жойларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини кафолатлаш ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаларидан бири эканлиги қайд этилди.



