Ёш ходимларни тарбиялашда устоз-шогирд анъанаси — муҳим ҳаётий мактаб
2026-11-24 10:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида “Ёш ходимларни тарбиялашда устоз-шогирд анъанаси” мавзусида навбатдаги маънавият ва маърифат соати ўтказилди.
Унда вазирлик раҳбарияти ва шахсий таркиб иштирок этди.
Маърифат соатида истеъфодаги генерал-майор Тохир Муллажонов меҳмон сифатида иштирок этиб, кўп йиллик хизмат фаолияти давомида тўплаган тажрибаси, ҳаётий сабоқлари ҳамда ёш ходимларни тарбиялаш борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Таъкидланганидек, устоз-шогирд анъанаси ёш ходимларда касбга садоқат, қонунга ҳурмат, масъулият ва фидойилик туйғуларини шакллантириш, уларнинг касбий ҳамда маънавий камолотини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бунда тажрибали ходимларнинг шахсий намуна кўрсатиши, билим ва кўникмаларини ёш авлодга етказиши алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, тадбир давомида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби, капитан Зойир Йўлдошев томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги, қоидабузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Бу борада ҳар бир ички ишлар органи ходими шахсий намуна ва ибрат кўрсатиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Мавзуни янада мустаҳкамлаш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчиларга оид видеолавҳа намойиш этилди.
Тадбир якунида ёш ходимларни касбий билим, юксак маънавият ва шахсий намуна асосида тарбиялаш, устоз-шогирд анъаналарини изчил давом эттириш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.






