Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш самарадорлиги ички ишлар вазирлиги назоратида ошмоқда
2026-11-22 10:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра куз-қиш мавсумида аҳолига суюлтирилган газ маҳсулотларини ўз вақтида ва хавфсиз етказиб бериш жорий йилнинг 20 октябрь кунидан Ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинди.
Ушбу жараёнларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖда ҳамкорликдаги штаб ташкил этилди. Газ тўлдириш станциясидан хонадонгача бўлган жараён хавфсизлиги алоҳида назоратга олинди. Барча газ тарқатиш станциялари ва шохобчалари замонавий кузатув камералари билан жиҳозланиб, Қўриқлаш департаментининг бошқарув марказига интеграсия қилинди. Ушбу объектлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўриқлаш нарядларининг хизмати йўлга қўйилди.
Шунингдек, ходимлар тўлдирилган газ баллонларини махсус авторанспорт воситаларида ташиш жараёнида ҳам муҳофаза қилиб бормоқда. Суюлтирилган газ маҳсулотлари электрон ҳисоб тизими орқали маҳалла еттилиги ва қўриқлаш ходимлари назоратида шаффоф тарзда тарқатилмоқда.
Куз-қиш мавсумида 145 минг хонадонга 70 кундан ортиқ вақт мобайнида суюлтирилган газ етказиб берилмаган бўлса, бугунги кунда улар тўлиқ таъминланди. Газ тақсимотида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида рақамли тизим орқали профилактика инспекторлари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жараёнлар қўшимча назоратга олинди.
Бироқ, мазкур назорат тизимини четлаб ўтишга бўлган 409 та ноқонуний ҳолатда 9500 дан ортиқ газ баллонлари ва уларда сақланаётган 98,3 тонна суюлтирилган газ маҳсулотларини талон-торож қилишга уринган бир қатор мансабдор шахслар ва ишчи-хизматчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилди.
Ҳурматли фуқаролар! Газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмаган тақдирда ёки тарқатиш жараёнида талон-торожлик ёхуд бошқа турдаги қонунбузарликларга гувоҳ бўлсангиз Қўриқлаш департаментининг 1131 қисқа рақамига зудлик билан хабар беринг.
Шунингдек, қуйидаги ҳаволада кўрсатилган рақамлар орқали ҳудудий Қўриқлаш хизматларига бевосита мурожаат қилишингиз мумкин.






