Фуқаролар мурожаатларига эътибор-амалдаги натижаларда
2026-11-21 16:35:00 / Янгиликлар

Фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш — бу жараённинг бошланиши, унинг ижросини қайта ўрганиш ва фуқаро муаммосига ҳақиқий ечим топилганига ишонч ҳосил қилиш эса масъулиятнинг муҳим мезонидир. Ана шу тамойил асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан муқаддам мурожаат қилган фуқароларнинг аризалари бевосита жойларга чиққан ҳолда қайта ўрганилмоқда.
Вазир ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган сайёр ва шахсий қабули давомида 22 нафар фуқаро қайта таклиф этилиб, уларнинг аввалги мурожаатлари юзасидан амалга оширилган ишлар, муаммоларнинг қай даражада ўрганилгани ва масъул ходимларга берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилинди. Ўтказилган самимий мулоқотларда фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари бирма-бир тингланди. Кўтарилган масалаларнинг мазмун-моҳияти ўрганилиб, уларнинг қонуний ечимини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Муҳими, бундай ёндашув фуқаролар мурожаатларига шунчаки жавоб бериш эмас, балки уларда кўтарилган муаммоларнинг амалда ҳал этилганини таъминлаш, натижадорликка эришиш, масъул ходимлар фаолиятида ижро интизоми ва шахсий масъулиятни кучайтиришга самарали хизмат қилади.
Бу каби ўрганишлар Республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти




