Хонадонда ноқонуний қурол ва ўткир тиғли жисмларни сақлаш, сотиш ва фойдаланиш билан боғлиқ ҳолат фош этилиб, жиноят иши қўзғатилди
2026-11-21 09:35:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар давомида ноқонуний қурол сақлаш, сотиш ва ундан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилди.
Хусусан, Чирчиқ шаҳар Ички ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тадбирда “Маърифат” МФЙда яшовчи 1996-йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, ноқонуний равишда сақланаётган қурол ва бошқа хавфли буюмлар аниқланди.
Ўтказилган тадбирда хонадондан қўлбола усулда ясалган, порох билан ўқ узишга мўлжалланган бир дона қурол ҳамда Испанияда ишлаб чиқарилган 5,5 калибрли “SHADOW1000” русумли пневматик қурол шунингдек, тўрт дона турли кўринишдаги ўткир тиғли пичоқлар протсессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бундай тезкор-профилактик тадбирлар орқали ҳудудларда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти ИИБ Ахборот хизмати





