Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Сурхондарё вилояти ИИО фаолияти ва криминоген вазият ўрганилди
2026-11-21 09:10:00 / Янгиликлар

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, полковник Диёрбек Саттаров томонидан Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари фаолияти, хусусан, Термиз шаҳридаги тунги хизмат фаолияти ва ҳудуднинг криминоген вазияти ўрганилди.
Ўрганишлар “Мангузар” йўл-патруль хизмати масканидан бошланди. Ходимларнинг хизматни ташкил этиши, моддий-техник таъминоти, хизмат шароитлари ҳамда транспорт воситалари ва фуқароларни текшириш тартиби кўздан кечирилди. Мулоқот давомида хизмат интизоми, қонунийлик ва фуқаролар билан муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Боғишамол” маҳалласидаги “102” хизмат масканида тунги навбатчилик фаолияти, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш, кузатув камераларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш борасидаги ишлар ўрганилди.
Ходимлар билан суҳбатда ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш, муаммоларни барвақт аниқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш масалалари юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Кун якунида вилоят ИИБда тезкор-профилактик тадбир штабининг фаолияти таҳлил қилиниб, амалга оширилган ишлар, тунги хизмат гуруҳларининг самарадорлиги ва жиноятчиликни жиловлаш борасидаги натижалар танқидий муҳокама этилди.
Муҳокамалар якунида профилактик ишларни кучайтириш, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва хизмат масъулиятини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар белгиланди.
Ўрганишлар давом этмоқда.









