Пойтахт волейбол жамоаларининг 2026 йилги натижалари сарҳисоб қилиниб, келгуси мусобақаларга тайёргарлик вазифалари белгиланди
2026-11-20 13:50:00 / Янгиликлар

Волейбол федерациясининг Тошкент шаҳар бўлими раиси, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султанходжаев пойтахт волейбол бўйича терма жамоалари вакиллари, спортчилар ҳамда мураббийлар билан учрашув ўтказди.
Унда 2026 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон волейбол федерациясининг тақвим режасига мувофиқ, 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган мусобақаларда иштирок этадиган Тошкент шаҳар жамоаларининг таркиби ва тайёргарлик жараёнлари билан танишилди.
Спортчилар ва мураббийларга келгуси йилги мусобақаларга бугундан бошлаб пухта тайёргарлик кўриш, машғулотлар самарадорлигини ошириш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда юқори спорт натижаларига эришиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, 2026 йилда ўтказилган Олий лига мусобақаларида муносиб иштирок этиб, барча рақибларидан устун келган ва фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медалларни қўлга киритган «Ўзтелеком» жамоасининг ютуғи алоҳида эътироф этилди. Жамоа аъзоларининг меҳнати ва спортдаги муваффақиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида уларга 30 миллион сўм миқдорида пул мукофоти топширилди.
Учрашув якунида спортчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши, маҳоратларини ошириши ва дўстона спорт алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди. Унда Ренессанс университетининг «Ренессанс», Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг «Турон», Тошкент шаҳар ИИББнинг «Посбон» жамоалари ҳамда U-14 ёш тоифасидаги қизлар жамоаси иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, спортни ривожлантириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, спортчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва пойтахт шарафини нуфузли мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган жамоаларни шакллантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









